Спорт | 22:23 / 10.03.2021
9879
2 дақиқада ўқилади

Томас Бах ХОҚ президенти лавозимига қайта сайланди

Халқаро Олимпия қўмитасининг амалдаги президенти Томас Бах янги 4 йиллик муддатга қайта сайланди. Бу ҳақда ХОҚнинг 137-сессияси давомида маълум қилинди.

Фото: Matt King/Getty Images

Бах ушбу лавозимга ягона номзод бўлди. Унинг қайта сайланишига 93 киши овоз берган, бир киши қарши чиққан, 4 киши бетарафлик билдирган.

“Қадрдон дўстлар ва ҳамкасблар, сизларга билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдираман. Биз ўтган қийинчиликлар ва ислоҳотларни ҳисобга олсак, бу ажойиб натижадир. Мен ХОҚга сайловолди шиорим “Бирдамлик турфа хилликдадир”га мувофиқ ҳолда раҳбарлик қилмоқчиман ва барча учун президент бўлмоқчиман. Биз Олимпия шиоримиз “Тезроқ, баландроқ, кучлироқ”га мувофиқ яшай оламиз”, деб айтган Бах.

У, шунингдек, Олимпия шиорига “биргаликда” сўзини қўшишни таклиф қилган.

ХОҚ президентининг янги муддат учун ваколатлари Токиода 23 июлдан 8 августгача ўтадиган Олимпиада якунлангандан кейин кучга киради.

67 ёшли Бах ХОҚга 2013 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. У ўшанда 8 йиллик муддатга сайланганди. Тартиб-қоидага кўра, Бах 4 йиллик яна бир муддатга сайланиши мумкин бўлган. 

Бах қиличбозлик бўйича 1976 йилги Олимпия чемпиони ҳисобланади. Немис мутахассиси 1991 йилда ХОҚ аъзоси бўлган, 1996 йилдан 2000 йилгача ташкилотнинг ижроия қўмитаси таркибига кирган, 2000 йилдан ХОҚ вице-президенти лавозимини эгаллаган.

Мавзуга оид