Жаҳон | 11:33 / 10.03.2021
3881
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Каталониянинг собиқ раҳбарини депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилди

Европарламент аъзоларининг кўпчилик қисми овози билан Каталония маъмуриятининг собиқ раҳбари Карлос Пучдемон ҳамда унинг сафдошлари Антони Комин ва Клара Понсати депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди. Расмий Мадрид уларни қўлга олиш пайида.

Фото: Getty Images

Испаниядан мустақил бўлиш учун курашга киришган Каталония мухториятининг собиқ раҳбари ва унинг икки сафдоши депутатлик дахлсизлигидан маҳрум бўлишди. Европарламент 8 март оқшомида шундай қарорга келди. Консерваторлар, социал-демократлар ва либераллар фракциялари парламент иммунитетидан маҳрум қилишга овоз беришган бўлса, яшиллар ва сўллар фракциялари қарши овоз беришган.

Овоз бериш натижаларига кўра, 700 депутатнинг 400 нафари Пучдемон ва унинг сафдошлари Антони Комин ҳамда Клара Понсатидан дахлсизлик ҳуқуқи олиб қўйилишига овоз беришди. Энди улар испан ҳукуматига топширилиши кутилмоқда.

Расмий Мадрид Европарламент позициясини олқишлади. «Овоз бериш жараёни Каталония масаласи Европа эмас, Испания даражасида ҳал қилиниши кераклигини кўрсатди», дейди Евроиттифоқ вакили Аранча Гонсалес.  

2019 йилда учовлон Европарламентга сайланган эди. Бироқ Испания халал беришга урингани боис, улар вазифасини бажаришга кириша олишмади. Бу расмий Мадриднинг Пучдемон ва унинг сафдошларини экстрадиция қилишга биринчи уриниши эмас. Уларнинг парламент иммунитети туфайли Бельгия (Пучдемон ва Комин қочган жой) ва Шотландия (Понсати яширинган) Испаниянинг талабларига ижобий жавоб қайтара олмаган эди.

Пучдемон, Комин ва Понсати 2017 йилда Каталонияни Испаниядан мустақил қилишга бўлган муваффақиятсиз уринишдан сўнг суд ҳукмидан қочиб, Пиреней ярим оролини тарк этишганди. 2019 йилда Испания Олий суди Каталония собиқ раҳбарини ҳибсга олишга иккинчи бор халқаро ордер берди. Бунга ғалаёнга ундаш ва давлат маблағларини растрата қилиш сабаб сифатида кўрсатилган.

2021 йилнинг февралида Каталония парламентида Испаниядан мустақил бўлишни ёқловчи миллатчи партия блоки ғалаба қозонган. 

Мавзуга оид