Жамият | 11:59 / 12.03.2021
13669
2 дақиқада ўқилади

Кулолчилик сирларини ўрганиш учун Риштонга келган франциялик қиз — видео

Франциянинг Анси шаҳридан келган Эмма Фрола Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Халқаро кулолчилик марказида қадимий ҳунар сирларини ўрганмоқда.

Эмма университетда амалий санъат йўналишида таҳсил олади. У амалиётини айнан Ўзбекистонда ўташга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, Риштонда сақланиб қолган кулолчилик мактаби бу қарорга келишига сабаб бўлган.

У айни кунларда уста кулол Бахтиёр Назировнинг уй-меҳмонхонасида яшаб, кулолчилик сирларини ўрганмоқда.

«Менга ўзбекистонлик кулоллар ва уларнинг анъаналари тўғрисида хабар беришди. Мен эса бундан кейин айнан шу турдаги, яъни Францияда топилмайдиган керамика турини танладим ва бу ерга 4 кун ичида етиб келдим. Ҳозир мен уста кулолнинг уйида яшаяпман. Турган жойим жуда қулай ва каттагина», — дейди Эмма.

Уста Бахтиёр Назировнинг сўзларига кўра, Эмма кўпроқ ўзбек тилини ҳам ўрганишга қизиқмоқда ва имкони борича ўзбекча суҳбатлашишга ҳаракат қилмоқда.

Эмманинг айтишича, тарихий ҳамда замонавий кулолчилик йўланишларини ўрганиш мақсадида амалиёт учун давлатлар танланган. У бир ой Риштонда ва яна бир ой Бухоронинг Ғиждувон туманида кулолчилик сирларини ўрганади.

Эслатиб ўтамиз, президент 4-5 феврал кунлари Фарғонага ташрифи давомида ушбу халқаро кулолчилик марказига ташриф буюрган эди.

Мавзуга оид