Ўзбекистон | 00:47 / 13.03.2021
20511
6 дақиқада ўқилади

«Ахборот халқни юксакликка етаклайди» — Русланбек Давлетов ахборот тарқалишидаги муаммолар ҳақида

Адлия вазири ўрта асрларда китоб чоп этиш дастгоҳи ихтиро қилингач, айрим давлатлар ахборот тарқалиши тезлашиб кетишидан қўрқиб, чекловлар қўйгани, натижада ривожланишда ортда қолганини эсга олди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов 2020 йилдаги ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳақида ахборот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазир ўз нутқида одамларнинг ҳуқуқий онгини ўстирувчи биринчи омил ахборот эканига урғу берди.

«Ахборот ҳар доим халқни юксакликка етаклайди, илм ёйилишига туртки бўлади», – таъкидлади Давлетов.

У ахборотнинг арзонлиги, тезкорлиги ва мазмун-моҳияти айниқса муҳимлигини қайд этди.

«Тарихдан олсак, мана, XV асрда босма дастгоҳнинг кашф этилиши Европада билим, маърифат тарқалишига жуда катта таъсир қилган. Бунгача ҳамма нарса қўлёзма бўлган, билим тарқатиш жуда қийин бўлган, китоблар чоп этилмаган.

XV асрда Германияда босма дастгоҳ ишлаб чиқилиши Европада маърифат ёйилишига олиб келган. Ҳаттоки ўша даврда ҳам кўп давлатлар бу ихтирога қарши бўлди. Улар ахборот олиш жуда енгиллашиб кетди, ахборот жамиятимизга кириб кетди, дея бу дастгоҳга чекловлар ҳам қўйди.

Масалан, Усмонийлар керак бўлса XIX асргача чоп этиш дастгоҳининг ўз ҳудудига олиб кирилишига ҳам йўл қўймаган. Бу эса ўша давлатларнинг ривожланишига таъсир қилган», – деди Русланбек Давлетов.

Адлия вазири юқоридаги фикрларини Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатга қиёсан тушунтирди.

«Ҳозир ўзимиздаги ҳолат худди шунақа. Биринчи йўналиш – интернет.

Интернет Ўзбекистонда қиммат. Интернет арзонлиги бўйича Ҳиндистон биринчи ўринда – 1 ГБ интернет 9 цент. Учинчи ўринда Қирғизистон – 2 минг сўм. Қозоғистон эса 1 ГБ интернет 6 минг сўм экани билан дунё бўйича олтинчи ўринда турибди. Биз эса 16 минг сўм нарх билан 54-ўринда турибмиз.

Ёки интернет тезлиги бўйича ҳам худди шундай, 128-ўриндамиз. Бизда 100 МБ видеороликни юклаб олиш учун 10 дақиқа вақт кетяпти. Яъни бу жараёнда Ўзбекистонда ахборот тарқалиши ўз-ўзидан секинлашяпти. Бу дегани биз хоҳлаётган маълумот етарли даражада одамларга етиб бормаяпти.

Ўзбекистонда аҳолининг интернет қамрови 51 фоиз ва бу жуда кам. Бутун дунё мисолида оладиган бўлсак, 51 фоиз интернет дегани XXI асрда бу жуда уятли ҳолат. Қозоғистонда аҳолининг интернет билан қамров даражаси 80 фоиз», – деди у.

Давлетов ўз нутқида иккинчи йўналиш сифатида телевидение, радио ва электрон ОАВ етарлича ривожланмаганига эътибор қаратди.

«Телевидение ва радио барибир яқин келажакда энг катта ахборот тарқатувчи ресурс мақомини сақлаб қолади. Бу бўйича ҳам бизнинг муаммоларимиз бор. Чунки 34 млн аҳолига 19 та марказий телеканал ва 14 та радиоканал мавжуд бўлиб, уларнинг 25 фоизигина ахборот етказиш билан шуғулланади. Қолганларида эса кўнгилочар мавзулар ва ҳоказо.

Бошқа давлатларга қарасак, АҚШда 8 мингдан ортиқ телеканал бор. Россияда 3 300 та, Буюк Британияда 1 000 дан ортиқ, Қозоғистонда 100 га яқин, Украинада 600 дан кўпроқ телеканал бор. Шундай экан, албатта, катта бозор, ахборот муҳитида ахборот қовурилиб-қовурилиб, рақобат натижасида тўғри ва керакли маълумотлар аҳолига етиб боряпти. Бу эса уларнинг онгига, билимига таъсир қиляпти.

Интернет ОАВлари бўйича бизда жуда яхши жараён юз беряпти. Интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар охирги тўрт йилда икки баробарга ошган. Ҳозир 630 та нашримиз бор. Бу яхши, лекин дунё тенденцияларига қараганда жуда паст.

Масалан, Россияда 19 минг, Украинада 12 мингдан ортиқ интернет нашрлари бор. Ёки аҳолиси биздан икки баробар кам Қозоғистонда 700та интернет нашрлари бор. Яъни бизнинг ахборот тарқатиш нуқтайи назаридан қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп», – деди адлия раҳбари.

Вазир аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдаги учинчи муҳим омил сифатида босма ОАВ ва китобларни таъкидлади.

«2016–2019 йиллар оралиғида республикамизда чоп этилган китоб ва брошюралар бирлиги 600 тага, тиражи эса 7 млн нусхага камайган. Газета ва журналларнинг йиллик тиражи шу муддатда қарийб 2 бараварга қисқарган.

Жуда ачинарли ҳолат. Яъни босма адабиётлар чиқариш бозори кичрайяпти, инвестицион жозибадорлик пасайяпти, ахборот алмашиши секинлашяпти. Бу дегани бозорни йўқотяпмиз.

2019–2021 йиллар орасида мамлакатимизда бирорта янги нодавлат нашриёти очилмаган. 5 та давлат нашриёти фаолияти тугатилган ва яна 14 та нашриёт фаолиятини тугатиш режалаштириляпти.

Босма адабиётлар ўрнини интернет, аудиокитоблар эгаллаяпти, лекин бизда ҳали бу борада ҳам қилинадиган ишлар жуда кўп.

Албатта, ҳукумат бу масалани ўз ҳолига ташлаб қўймаган: мана яқинда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича 5 йиллик миллий дастур тасдиқланган. Ижро масаласи, албатта, катта жумбоқ ва олдимизда турган вазифа», – деди у.

Русланбек Давлетов мамлакатда ахборот тарқалишига нисбатан ёндашувни ўзгартиришга чақирди.

«Биз агар ахборот тарқатишни янгича ёндашув асосида қилмасак, бу жараёнлар аҳолининг ҳуқуқий онгига ҳам таъсир қилади, тескари эффект беради.

Истеъмол саватчаси ҳақида айтиляпти. Бу ерда ҳам биз истеъмол саватчасида ахборотга бўлган эҳтиёжни эътиборга олишимиз керак. Кўп давлатларда истеъмол саватчаси ичида ахборот олиш харажатлари ҳам эътиборга олинган. Шунга қараб интилишимиз керак», – деди Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов.

Мавзуга оид