Жамият | 16:00 / 15.03.2021
12223
5 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Лондон университети билан қўшма дастурни йўлга қўйди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Лондон университети ҳамкорлигида қўшма таълим дастури йўлга қўйилиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбар ва масъул ходимлари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Британия кенгаши вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули ҳамда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессорлари қатнашди. Анжуманда икки томон таълим дастури бўйича ўзаро фикр алмашди.

Айтилганидек, ушбу қўшма таълим дастурига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бухгалтерия ҳисоби ва молия, иқтисодиёт, банк иши ва молия бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул амалга оширилади.

Дастурнинг ўзига хослиги шундан иборатки, битирувчилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Лондон университети (University of London) дипломини қўлга киритишади. Ўқитиш жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, ўқув материаллари ва якуний назорат синовлари Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) томонидан тайёрланади ва баҳоланади. Бу эса ўқиш жараёнида шаффофлик ва таълим сифатини таъминлайди.

Қўшма таълим дастури фаолиятини йўлга қўйиш учун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 4 босқичдан иборат муҳим жараён муваффақиятли амалга оширилди. Бу ҳақда ТДИУ хорижий маслаҳатчиси ва эксперти Ҳамид Эргашев батафсил маълумот берди:

ТДИУ хорижий маслаҳатчиси ва эксперти Ҳамид Эргашев

“Биринчи босқичда ТДИУ ўқитувчи-профессорлар анкеталари тайёрланди, ўқув жараёнлари қандай ташкил этилгани ҳақида маълумотларни Лондон университети (University of London) раҳбариятига тақдим этдик. Уларнинг илмий кенгаши фаолиятимизни ўрганиб чиқди. Иккинчи босқичда Лондон университети (University of London) томонидан университетимизда қандай профессорлар дарс бераётгани, уларнинг салоҳияти, қўшма дастур асосида таълим беришга имконияти етадими, ТДИУ бунга шароит яратиб бероладими, деган саволларга жавоб олинди.

Учинчи босқичда Лондон университети федерация бўлгани учун таркибида 17 та университет бўлиб, ҳар бири шу дастурни маъқуллаши керак эди. Тўртинчи босқичда Лондон университети федерациясининг вице-президенти рухсати талаб қилинади. Улар бизга академик йўналиш яратиб беришади. Бутун ўқув дастури платформасини шакллантиришга Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) кўмаклашади.

Ушбу қўшма таълим дастури битирувчиларга мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли ташкилотларида ўз фаолиятларини олиб боришларига имконият яратиб беради. Лойиҳа орқали талабалар энг яхши билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳолда янги ғоялар ва тажрибалар билан юртимиз келажагига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз”.

Дилноза Абдураҳимова, ТДИУ 1-босқич талабаси:

“Ҳозир биринчи босқич талабасиман. Кейинги ўқув йилидан ушбу лойиҳада қатнашмоқчиман. Шу дастур қатнашчиларига ёзги таътил жараёнида Лондонда ёзги мактабда таҳсил олиш имконияти берилади. Ушбу жараёнда талабалар Лондон университетида ўз йўналишлари бўйича нуфузли профессорлардан дарслар олишади.

Дилноза Абдураҳимова, ТДИУ 1-босқич талабаси

Йўналишим иқтисодиёт бўлгани учун минтақавий иқтисодиёт ёки молия йўналишларида билимларимни ҳам кучайтириб келмоқчиман. Лондон университети ўқитувчилари берган билимларни бу ерда ҳам амалиётга татбиқ қилмоқчиман”.

Қўшма таълим дастурига 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ва бакалавриатнинг 1-босқичини тамомлаган талабалар 2-босқичда ўқиш учун қабул қилинади. Таълим давомийлиги 4 йил. Абитуриентлар учун ва 1-босқични тамомлаган талабалар учун алоҳида имтиҳон ташкил этилади. Бунда халқаро тил билиш сертификати ва математика фани имтиҳонлари даражасида фарқ бўлади. Бу ҳақда иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент, халқаро қўшма таълим дастури координатори Фазлиддин Насриддинов батафсил ахборот берди:

Иқтисод фанлари номзоди, доцент, халқаро қўшма таълим дастури координатори Фазлиддин Насриддинов

“Қабул жараёни икки хил шаклда олиб борилади. Биринчи шаклда ўқиш жараёни 4 йил давом этади. Яъни бунда 1 йил тайёрлов (foundation), 3 йил асосий ўқиш даври ҳисобланади. Абитуриентлар ушбу таълим шаклига ҳужжат топширишади. Иккинчи шаклга эса исталган ОТМда 1-босқични тамомлаган талабалар ҳужжат топшириши мумкин ва улар имтиҳондан ўтса, 2-босқичдан ушбу таълим дастурида ўқишни бошлашади”.

Мавзуга оид