Ўзбекистон | 17:07 / 16.03.2021
28625
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида коронавирус бўйича назорат кучайтирилмоқда

Тошкент шаҳрида коронавируснинг янги штаммлари кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин чораларига риоя этилишини назорат қилиш кучайтирилмоқда.

Тошкент шаҳрида 2021 йил давомида коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони бошқа ҳудудларга нисбатан ошгани, айниқса, cўнгги 5 кунда пойтахтдаги касалланиш ҳолатлари сезиларли ўсгани муносабати билан Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси янги штаммлари кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штабининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, унда пойтахтда касаллик тарқалишининг олдини олишни кўзда тутувчи бир қатор назорат чоралари кўрилиши белгиланди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги барча қурилиш обеъктларида, ўша ернинг ўзида вақтинча яшаб ишлаётган қурувчи ва ишчилар санитария-эпидемиология тартибларига қатъий риоя этиши юзасидан назорат кучайтирилади. 

Шунингдек, транспорт хизмати сифатини ошириш, ҳайдовчи ва йўловчилар соғлигини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида йўналишсиз таксиларни уч тилдаги (ўзбек, рус, инглиз тилларидаги) «хавфсиз такси» махсус белгиси билан бепул таъминлаш амалиёти жорий қилинади.

Бунда йўналишсиз таксиларнинг қуйидаги:

  • ҳайдовчининг ниқобда бўлиши;
  • кийиниш маданиятига риоя қилиши;
  • автомобилда антисептик воситаларнинг мавжудлиги;
  • автоулов салонининг тозалиги ва дезинфекциядан ўтганлиги каби талабларга риоя этишлари ҳисобга олинади.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони орта бошлади. Айниқса Тошкент шаҳрида кунлик ўсиш ҳолатлари юзга яқинлашган. Тарбияланувчилари ва ўқувчиларида вирус аниқланган боғчалар ва мактаблар ёпилиб, масофавий таълимга қайтилмоқда. Шунингдек, бозорларда карантин қоидалари кучайтирилмоқда. 

Мавзуга оид