Жамият | 16:52 / 24.03.2021
11707
5 дақиқада ўқилади

Сариосиёдаги бир маҳалла муаммолари: одамлар сувнинг бошида туриб, тоза сувга зор

Kun.uz ижодий жамоаси навбатдаги мурожаатни ўрганиш учун Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани марказидаги Афросиёб маҳалласида бўлди. Маҳалла аҳли чанг-тўзонли кўчалар, ичимлик суви ва табиий газ йўқлиги ва энг асосийси — туман тиббиёт бирлашмасининг оқова сувларидан азият чекаётганини баён қилишди.

Ушбу маҳалла Узун ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилганига 40 йилча бўлиб қолди. Маҳалла ҳудудига кираверишда маҳалладан 300 метр нарида жойлашган Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасининг оқова ва канализация сувларини тозалаш иншооти жойлашган.

Айни пайтда тозалаш иншооти ўрнига янгиси ўрнатилган, бироқ маҳалла аҳлининг сўзлаб беришича, эскиси ҳам ишлатилмоқда ва қўланса ҳиддан маҳалладагилар азият чекишмоқда.

Ўзи кўп йилдан буён врач бўлиб ишлаб келаётган Ҳидоят Жалилованинг айтишича, қўланса оқова сувлар яхши тозаланмасдан, дам-бадам эски иншоотдан ошиб-тошиб кетади. Атрофни сув босади. Бутун маҳаллага қўланса ҳид таралади. Албатта, бу санитария меъёрларига ҳам зид. Қолаверса, ҳудуд Тўпаланг дарёсига яқин.

Маҳалла водопровод тармоғига уланмаган. Ҳудуднинг ери тошлоқ, 5-6 метрдан сув чиқади. Барча ер ости сувидан кундалик турмушда фойдаланиб келмоқда. Канализациядан тошиб чиқаётган оқова сувлар улар истеъмол қилаётган сифатсиз сувнинг сифатини янада баттар аҳволга солмоқда.

Тозалаш иншоотига хизмат кўрсатувчи ходимлардан бири Отамурод Мирзаев вазиятни сал бошқачароқ ифодалади.

О.Мирзаевнинг сўзларига кўра, янги тозалаш иншооти маҳаллий халқнинг аризаларидан сўнг қурилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилган. Лекин биз борган кундан сал олдин содир бўлган воқеага тушунмовчилик сабаб бўлган. Оқова сув эски иншоотга ҳайдалган ва у тошиб чиққан. Янги иншоот оқова сувни тўлиқ қайта ишлай олади, сув ажратиб, тозаланиб, хлорланиб, Тўпаланг дарёсига чиқариб юборилади.

Маҳаллада яна бир ҳолга кўзимиз тушди: биз боришимиздан сал аввал маҳалладаги дайди итларни заҳарлаб кетишган экан. Шу ердаги икки аёл катта кўчада ўлиб ётган итлардан бирини кўз ўнгимизда нарироққа — тозалаш иншооти ёнига олиб бориб ташлашди: сассиқ жойда сасигани билинмас, дегандек.

Тўпаланг дарёси соҳилларига яқин жойлашган маҳалла аҳли у ердаги турли шағал майдалаш хусусий корхоналарига қатновчи катта юк машиналаридан ҳам азият чекишаётганини баён этишди.

Ҳидоят Жалилованинг айтишича, корхоналардан шағал ва тош ортган катта юк машиналари катта кўчадан эмас, маҳалла ичидаги ички кўчадан қатнайди. Бунинг оқибатида ҳамма ёқ чанг-тўзон бўлиб кетади. Қарийб 2 км наридаги 3-ўрта мактабга қатнайдиган мактаб ўқувчиларининг уст-бошларига қараб бўлмайди. Маҳалла болалари кўчага чиқиб ўйнай олишмайди.

Бу ҳолни бартараф этиш учун кўчаларни асфальтлаштириш керак бўлади. Маҳалла ички кўчаларидан юк автомобиллари қатновини ҳам тартибга солиш, уларни аҳоли турар жойидан эмас, Тўпаланг дарёси бўйидаги хавфсиз йўллардан ҳайдашларини ташкил этиш лозим бўлади.

«Афросиёб» маҳалласи аҳлини қийнаётган нарсалардан бири бир неча йил аввал қандайдир сабаблар билан табиий газ тармоғидан узиб қўйилгани. Секин-аста асраб қўйилган қувурларнинг бир қисми йўқ бўлиб кетди. Ҳозир маҳаллани оқма табиий газ тармоғига қайта улаш учун лойиҳа тайёрланган. Лекин ҳадеганда лойиҳа амалга ошмасдан турибди.

Тозалаш иншооти рисоладагидай ишласа, қўланса ҳиддан халос бўлишар. Кўчаларнинг асфальт қилиниши ва табиий газ тармоғига улаш учун маҳалла давлат дастурига тушириши керак, буни тушунамиз. Лекин уларни ичимлик суви билан таъминлаш зарур чоралар ичида энг осони бўлса керак.

Чунки маҳалла бутун туманни ичимлик сув билан таъминлаш тармоғининг бошида турибди. Бу ерда тоза, сифатли ичимлик суви 200 метр чуқурликдан чиқади ва бутун туманга тарқатилади. Ҳаттоки, маҳаллага кириш йўли бошида қудуқ ва сувга уланиш учун қулоқ ҳам ўрнатилган. Маблағ ажратилса, одамларнинг кўчасигача қувур тортиб берилса, бас.

Ҳидоят Жалилова мутасадди ташкилотлар “ўзларинг тортиб олинглар”, деб келишаётганини тилга олди. Бироқ фуқароларда бунинг учун етарли маблағ йўқ. Давлатнинг ёрдами керак бўлади.

Маҳалла аҳли ўзларини қийнаётган барча масалалар бўйича мутасаддиларга мурожаат қилишган. Туманнинг аввалги ҳокими Асқарали Жўраев (ҳозир Бойсун тумани ҳокими) шахсан келиб муаммолар билан танишиб кетганини айтишди. Бироқ, афросиёбликлар янги ҳокимга ҳозирча бу борада учрашишмагани ва у маҳаллага келиб кўрмаганини ҳам билдиришди.

Умид қиламизки, Сариосиё туман ҳокимлиги ва тумандаги мутасадди ташкилотлар мавжуд муаммоларга оқилона ечим топишади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид