Айрим туманларда мактаблар тўлиқ масофавий таълим шаклига ўтказилиши мумкин - вазир
Ўзбекистонда айрим туманларда ҳокимликлар мактабларни тўлиқ масофавий таълим шаклига ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналарга мурожаатида айтиб ўтди.
«29 март кунидан бошлаб, 4-чорак дарслари бошланиши муносабати билан ота-оналардан коронавирус инфекциясининг кўпайиши шароитида, мактабларнинг масофавий таълим шаклига ўтказилиши бўйича кўплаб саволлар келиб тушмоқда.
Шу ўринда, яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз, ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий ўқув йилида гибрид таълим тизими жорий этилган, яъни фарзандини мактабга юбориб анъанавий таълим олиши ёки уйдан бепул телевизион «Онлайн мактаб» каналлари орқали масофавий таълим олиши бўйича қарорни ота-оналарнинг ўзи қабул қилади.
Эпидемиологик ҳолат оғирлашган ҳудудларда, маҳаллий ҳокимлик органларига карантин талабларини кучайтириш чораларини кўриш ваколати берилган. Шуни инобатга олиб, ҳудудий ҳокимликлар баъзи туманлардаги мактабларни тўлиқ масофавий таълим шаклига ўтказиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. Ўз навбатида, мактабларнинг маъмуриятига санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш бўйича топшириқ берилган.
Пандемия нафақат дунё иқтисодиёти ва таълим тизимига, балки инсонларнинг асабига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шундай экан, қадрли ота-оналар, жойларда мактаб жамоаси билан ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда, фақат биргаликда ушбу вазиятдан чиқиб кетишимиз мумкинлигини тушунишингизни сўраймиз!» дейилади вазирнинг телеграм-каналида.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
12:12 / 05.01.2024