Иқтисодиёт | 13:14 / 30.03.2021
6327
2 дақиқада ўқилади

Россия агросаноат ҳолдинги Сурхондарёда янги иссиқхона қуради

Россия агросаноат ҳолдинги – «ЭКО-культура» 2024 йилга бориб Ўзбекистонда янги иссиқхона мажмуасини қуриб битказади. Мажмуа Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 150 гектар майдонда жойлашиши кўзда тутилган.

Россиянинг «ЭКО-культура» ҳолдинг Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 150 гектар майдонда иссиқхона мажмуаси қуради, деб хабар бермоқда Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги.

Қайд этилишича, мажмуа қурилишини 2024 йилгача тўлиқ якунлаш режалаштирилган: бу вақтга бориб, у ерда йилига 80 минг тоннадан ортиқ помидор етиштирилиши кўзда тутилган.

«Ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши помидорлар билан нафақат Россия аҳолисини, балки Форс қўлтиғи ва Осиё аҳолисини таъминлаш имконини беради», – дея таъкидлаган компания вакили.

Айни пайтда биринчи босқич доирасида иншоотлар қурилиши бошланиб, 12,8 гектар майдонда кино қопламали иссиқхоналар барпо этилмоқда. Уларни ишга тушириш 2021 йил июлга режалаштирилган. Кутилаётган ишлаб чиқариш ҳажми йилига олти минг тонна сабзавотни ташкил этади. Бундан ташқари, майдони ўн минг квадрат метр бўлган улгуржи тарқатиш марказининг қурилиши бошланган.

  • Маълумот учун, «ЭКО-культура» агросаноат ҳолдинги — Россиянинг энг йирик сабзавот етиштирувчиларидан бири саналади. Компания Ставрополь ўлкаси, Ленинград, Тула, Липецк ва Воронеж вилоятларида 300га яқин юқори технологияли иссиқхоналарга эга. Асосан, помидорлар, бодринг ва салат баргини етиштириш билан шуғулланади. 2025 йилга бориб иссиқхоналар майдонини 1 минг 143 гектарга ошириш режалаштирилган.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид