Жамият | 17:09 / 02.04.2021
9173
3 дақиқада ўқилади

Россияда ишлаган давр пенсия тайинлашда ҳисобга олинадими?

Aмалдаги қонунчиликка асосан чет элда ишлаган давр пенсия тайинлашда ҳисобга олинади. Бу давр пенсия тайинлашда ҳисобга олиниши учун қандай талаблар мавжуд, ижтимоий солиқ қанча тўланади каби саволларга Kun.uz шарҳида жавоб берилади.

Чет элда ишлаган давр қайси шартларга кўра меҳнат стажига қўшилади?

  • 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
  • 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.

Ижтимоий солиқни тўлаш тартиби қандай?

Чет элда ишлаган даврлар учун ижтимоий солиқлар тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган. Бунда чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб, Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин.

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори қанча?

Ҳозирда пенсияни ҳисоблашнинг асосий қиймати ойига – 262 470 сўм. Бир йил учун тўланадиган ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори эса 1 181 115 сўмни ташкил этади (2021 йил 1 февралдан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, стипендиялар ҳажми 1,1 баравар оширилганди, аммо пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ўзгаришсиз қолган).

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартиби қандай?

  • ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
  • бирйўла — Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, ягона ижтимоий тўлов тўлангани тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр, албатта, кўрсатилиши шарт. Aгар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Чет элда ишлаган давр қандай белгиланади?

Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтгани тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилгани маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид