Ўзбекистон | 15:33 / 02.04.2021
29722
2 дақиқада ўқилади

«Тарихий сана»: Сўх-Риштон йўлининг очилиш маросимидан репортаж

1 апрел куни Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари орасида «Риштон» («Қайтпас») ва «Тул» («Этикчи») чегара постлари фаолияти тантанали маросим билан тикланиб, Қирғизистон орқали ўтган Сўх-Риштон йўли қайта очилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Боткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев иштирокида ўтказилган тадбирда икки вилоятнинг турли соҳалари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Бу ҳодиса 80 мингга яқин киши яшайдиган анклав ҳудуддаги сўхликлар учун муҳим аҳамиятга эгадир. Шу вақтгача вилоят марказига келиш учун 80 километр йўл босиб, Фарғона туманидаги «Водил» божхона чегара пости орқали қатнаган сўхликлар энди 19 километрлик йўлдан эркин фойдаланиш имконига эга бўлишди.  

Дастлаб «Риштон» чегара постида карнай-сурнай садолари янграб, икки томон вакиллари бир-бирларини очиқ юз билан қарши олишди.

Маросимда сўз олганлар томонидан икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари ва амалий ҳаракатлари билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида алоқалар кенгайиб бораётгани, чегараолди ҳудудларнинг ҳамкорлиги ҳам янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди ва президентларга миннатдорчилик изҳор этилди.

 «Бугун тарихий сана. Икки қўшни мамлакат аҳолиси азал-азалдан қон-қариндош, аҳил-иттифоқ яшаб келган бўлса-да, Сўх туманига Боткен орқали ўтадиган йўлни очиш масаласи қарийб 10 йилдан буён халқларимиз орзуси эди. Икки давлат президентлари, ҳурматли Шавкат Мирзиёев ҳамда Садир Жапаровнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар ижросининг тез ва қисқа муддатда гувоҳи бўлиб турибмиз», деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

 

Тантанали тадбирлар Сўх ва Қирғизистонни боғлаб турувчи «Тул» («Этикчи») ўтказиш пунктида ҳам давом этди. Бу ерда ҳам табрик ва қутловлар янгради. Шу ерда Фарғона ва Боткен вилоятлари раҳбарлари бир-бирларига эсдалик совғаларини топширди.

Мавзуга оид