Ўзбекистон | 18:26 / 03.04.2021
9278
2 дақиқада ўқилади

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилмоқда 

Президент “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Kun.uz манбаси хабарига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг штат бирликларини қисқартириш ва тузилмасини мақбуллаштириш бўйича Республика комиссиясининг қатор таклифлари маъқулланди.

Хусусан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилмоқда ва унинг барча вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига берилмоқда.

Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон президенти ҳужжати лойиҳасини киритади:

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мол-мулкини Молия вазирлигига ўтказиш;

тугатилаётган агентликнинг халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларини, улар билан келишилган ҳолда, кейинчалик амалга ошириш механизмини белгилаш;

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилиши ҳисобига унинг фаолиятини кенгайтириш.

Эслатиб ўтамиз, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги 2019 йил январ ойида президентнинг "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ташкил этилган

Мавзуга оид