Жаҳон | 12:49 / 04.04.2021
18591
3 дақиқада ўқилади

Иорданиянинг собиқ валиаҳд шаҳзодаси уй қамоғига олинди

Иорданиянинг собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ҳамза ибн Ҳусайн ҳарбийлар уни уй қамоғига олишгани ҳақида хабар берди. У бу ҳақда BBC’га йўллаган видеомурожаатида маълум қилган ва бўлаётган воқеаларни иорданиялик ҳарбийларнинг ўзгача фикрлиларни тийиб қўйиш кампаниясининг бир қисми сифатида баҳолаган.

Фото: Ҳамза бин Ҳусайн/AP Photo/Hussein Malla

Бу хабарни Ҳамза ибн Ҳусайн ўз адвокати орқали йўллаган. Видеоёзувда собиқ валиаҳд  мамлакат раҳбариятини коррупцияга ботишда ва лаёқатсизликда айблаган.

Унинг айтишича, унга кўчага чиқиш тақиқланган, шунингдек, уйда интернет ва телефон алоқаси ўчириб қўйилган, бунга Иордания қироли ва ҳукумат томон билдирган танқидий фикрлари сабаб бўлган.

Ҳарбийларнинг ўзи эса собиқ валиаҳд уй қамоғига олингани ҳақидаги хабарни инкор этишган, шу билан бирга, унга «мамлакатдаги хавфсизлик ва барқарорликка путур етказувчи чиқишлари»ни тўхтатиш бўйича кўрсатма қилинганини тан олишган.

Ҳамза ибн Ҳусайн эса қонунга қарши иш қилмаганини таъкидлайди. «Мен ҳукуматимизда охирги 15-20 йил устунлик қилган ва тобора аёнлашиб борган бошқарувдаги муваффақиятсизлик, коррупция ва малакасизлик учун жавобгар шахс эмасман. Шунингдек, фуқароларнинг ҳокимият институтларига ишончсизлигига ҳам мен айбдор эмасман», деган у.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда вазият шундай нуқтага етганки, бирорта одам бирор масала бўйича ўз фикрини ўзи учун хавф-хатарсиз билдира олмайди.

Иордания - Сурияда жангариларга қарши ўтказилган амалиётларда Вашингтоннинг муҳим ҳамкори бўлганди. АҚШ, Миср ва Саудия Арабистони қирол Абдуллани қўллаб-қувватлашларини айтиб чиқишди.

Аввалроқ Иорданияда ўнлаб юқори мартабали мулозимлар қўлга олингани ҳақида хабар тарқалганди. ОАВдаги тахминларга кўра, улар давлат тўнтариши уюштириши тайёрлашда гумон қилинган, аммо расмий айбловлар ҳозирча маълум эмас.

Иорданиянинг «Петра» ахборот агентлиги маълумотларига кўра, «хавфсизлик нуқтайи назаридан» мамлакатда подшоҳлик оиласи аъзоси Шариф Ҳасан ибн Зайд ва қирол Абдуллоҳ II’нинг собиқ маслаҳатчиси Бассам Авадалла ҳибсга олинган. Бу орада «Ал-Маядин» телеканали Уммонда «Абдуллоҳ II’ни ҳокимиятдан ағдариш мақсадидаги фитна фош этилгани»ни маълум қилганди.

Ҳозирда 40 ёшда бўлган Ҳамза ибн Ҳусайн Иорданиянинг аввалги қироли Ҳусайн ибн Талолнинг тўртинчи рафиқаси Нурдан туғилган ўғлидир. У қирол Ҳусайннинг севимли ўғли бўлган, 1999 йилда у вафот этганида, унинг иккинчи рафиқасидан туғилган Абдуллоҳ тахтга чиққан, Ҳамза эса 2004 йилгача валиаҳд шаҳзода бўлган, шундан сўнг кутилмаганда бу мақомдан маҳрум қилинган. Ҳозирда Абдуллоҳ II’нинг тўнғич ўғли – 26 ёшли Ҳусайн ибн Абдуллоҳ тахт вориси ҳисобланади.

Иорданиялик журналист Рана Свейс BBC News мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, шаҳзода Ҳамза Иорданияда машҳур ҳисобланади — хусусан, маҳаллий қабилалар уни қўллаб-қувватлашади. BBC’нинг қайд этишича, шаҳзоданинг уй қамоғига олинишига у қабилалар етакчилари билан учрашувга боргани сабаб бўлиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид