Жамият | 19:23 / 06.04.2021
29816
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда энг қиммат йўл қаерда ва қанчага қурилгани маълум қилинди

«Автомобил йўллари қўмитаси қурган энг қиммат йўл Гулистонда бўлган. У ердаги 3 км йўлнинг бир километрини 950 минг доллардан қурганмиз», – деди қўмита раиси Абдураҳмон Абдувалиев.

6 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳукумат соати ташкил этилди. Унда умумий фойдаланишдаги ва халқаро тоифадаги автомобил йўлларининг бугунги ҳолати ва соҳада қилинаётган ишлар тўғрисида транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг ҳисоботи эшитилди.

Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев йўл қурилиши соҳасида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, шунингдек, 1 км масофада 4 тасмали йўлни қуриш ва реконструкция қилиш қанчага тушиши ҳақида савол берди.

«Жаҳон банкининг йўллар қурилиши бўйича ахборотини ўқиганимда, унда айнан лойиҳаларнинг муддати чўзилиши уларни амалга оширишдаги коррупциянинг бир белгиси сифатида қаралиши қайд этилган эди.

Қолаверса, Transparency International'нинг коррупцияга оид индексига қарасак, йўл қурилиши энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида қайд этилган.

Жаҳон банкининг тахмини бўйича, коррупция – ривожланаётган учинчи дунё мамлакатларида 35 фоизгача бориши мумкин.

Бугунги кунда йўл қурилиши соҳасида амалга оширилган ва амалга оширилаётган лойиҳаларда коррупция даражасини неча фоиз деб баҳолайсиз?

Янги истиқболли лойиҳаларда коррупция ҳолатлари бўлмаслиги учун Транспорт вазирлигида ва Автомобил йўллар қўмитасида бугунги кунда қандай ички назорат тизимлари яратилган?

Ўзбекистонда 4 тасмали йўлни қуриш ва реконструкция қилишда 1 кмнинг нархи қанча?» – дея сўради Дониёр Ғаниев.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов вазирлик ва қўмита тизимида коррупцияга йўл қўймаслик борасида тизимли ишлар қилиниши ҳақида айтиб ўтди.

«Умумдунёвий қараганда коррупция белгилари бўлиши мумкин, биз буни инкор қилмаймиз. Мен коррупцияни фоиз даражасида айтиб бера олмайман, чунки солиштириб берадиган кўрсаткичларим йўқ, фоиз даражасида айтиб беришим қийин бўлади. Лекин ҳозирда тизим шундай яратиляптики, комплаенс назорат белгиларини қўйиб, алоҳида хизмат тури яратганмиз. Бу вазирликда ҳам, қўмитада ҳам ишлайди. Лойиҳалар бўйича қандайдир янги технологияларни яратганимиз йўқ, бунинг физик системасида ўзининг назорат тизими мавжуд. Яъни лойиҳа олди, лойиҳалаштириш, тендер ғолиблари аниқлангандан кейин уларни баҳолаш тизимида ва технадзор шаклида ҳар бир иш жараёнида жиддий аҳамият қаратмоқчимиз.

Қолаверса, комплаенс назорат тизимида коррупциянинг олдини олиш механизмини яратмоқчимиз», – деди вазир.

Саволнинг иккинчи қисмига Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев жавоб берди.

«Биринчи савол жуда абстракт. Тошни отвориб, эгасини топади, деган каби бўлмаслиги керак. Қаерда коррупция кузатилган бўлса, шу жойда бўлди деб конкрет факти билан айтсак яхши бўларди.

Ўзбекистон Автомобил йўллар қўмитаси қурган энг қиммат йўл Гулистонда бўлган. У ердаги 3 км йўлнинг бир километрини 950 минг доллардан қурганмиз. Лекин дунёда бунақа суммада ҳеч ким йўл қурмайди. Интернетдан излаб кўринг, бир км йўл қанча деб, Туркияда энг ками 2 млн доллардан бошлаб чиқади. Бизда ҳозир Туркиянинг бир компанияси лойиҳа қиляпти, Тошкент ҳалқа йўлини қуриш проекти 5 млн 700 минг долларга тушяпти», – деди қўмита раиси Абдураҳмон Абдувалиев.

Мавзуга оид