Жаҳон | 12:50 / 06.04.2021
4842
2 дақиқада ўқилади

Вакцина олган саудияликларга Рамазон ойида умра зиёратини амалга оширишга рухсат берилди

Фото: Reuters

Саудия Арабистонида коронавирусга қарши вакцина олганларга Рамазон ойида умра зиёратини амалга оширишга ва муқаддас масжидлар - икки Ҳарамга ташриф буюришга рухсат берилади. Бу ҳақда Қироллик Ҳаж ва Умра вазирлиги баёнотига асосланиб, Al-Arabiya нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, хоҳловчиларга коронавирусга қарши вакцинани икки дозада қабул қилганидан сўнг ёки иммун тизимини назорат қилувчи Tawakkalna мобил дастури асосида рухсат берилади.

Маълум қилинишича, Рамазон ойида жамоатнинг кўпайиши эҳтимоли билан Макка ва Мадинадаги масжидларда коронавирусга қарши санитария чоралари кучайтирилади. Икки Ҳарамга кундалик намоз учун ташриф буюрувчилар ҳам махсус дастур орқали рўйхатдан ўтиб рухсат олишига тўғри келади.

Лекин Саудия Ҳаж ва Умра вазирлиги баёнотида хорижликларга қачондан ва қандай шартлар асосида ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишга рухсат берилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда яқин вақтлар ичида ушбу масала юзасидан батафсил маълумот берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид