Ўзбекистон | 18:55 / 06.04.2021
6537
3 дақиқада ўқилади

Йўллар бузилиб кетишига асосий сабаб мустақилликдан кейин маблағ ажратилмаган — Абдураҳмон Абдувалиев

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мамлакатдаги умумий фойдаланишдаги ва халқаро тоифадаги автомобиль йўлларининг бугунги ҳолати ҳамда замонавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш ва қуриш борасидаги амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг ҳукумат соати эшитилди.

Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова Тошкент ҳалқа йўлидаги бозорлар атрофи тиқилинчлигига қандай ечим бўлиши, йўлдаги чуқурчаларни тўлдириш қанчалик самара бериши тўғрисида савол берди.

«Пойтахтга кириш йўлларидаги, айниқса, шанба-якшанба кунлари таксилар Ўрикзор, Эшонгузардан бошлаб Отчопаргача бўлган бозорлардаги тиқилинчга киришни хоҳламайди. Бу масала қачон ва қандай ечилади?

Вилоятларга чиққанда кўрамиз, йўлдаги чуқурчаларни тўлдириш қанчалик самара беради? Бу давлат маблағини совуриш эмасми, чунки бундай йўл икки–уч ойга ҳам етмайди. Бунинг қандай қилиб олди олинади?»  – дея савол берди депутат.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев «пробка»лар муаммоси долзарблигига эътибор қаратди. Бу борада режа қилинган ишлар ҳақида маълумот берди.

У ямалган асфалт йўллар кўпчилиги сифатсиз бўлишини таъкидлади. Унинг фикрича, йўлларнинг бузилиб кетишига ҳам асосий сабаб мустақилликдан кейин соҳага маблағ ажратилмаган.

«Биринчи савол бизнинг ўзимизни ҳам таъсирлантиради. Йўллардаги тиқилинчлар фақат ташқарида эмас, шаҳарнинг ичида ҳам аҳвол чатоқ. Тошкент ҳалқа йўлида қонуний-ноқонуний магазинларга жойлар бериб ташланган ва йўл юзида қурилган. Абу Сахий бозори олдидаги бекатда ноқонуний қурилган битта «бутка»ни олдириб ташлаш учун бир ярим йил судлашдик. Охири ютиб чиқдик, лекин бу ҳолатлар кўп ва анча вақтни олади.

Тиқилинчга олиб келадиган энг катта сабаб ўнг ва чапга қайрилиш, буни ечиш учун кўприкларнинг устидан айланиб тушишни ишлаб чиқяпмиз. Бу бўйича иш олиб боряпмиз.

Иккинчи саволингизга келсак, йўл тизими жуда катта ва мураккаб. Бизга инвестиция бўйича 2 трлн сўм ажратилган бўлса, шундан 1 трлн 20 млрд тўғридан тўғри йўл қурилишига, реконструкцияга ишлатилади. Бу 96 км катта йўллар ва кўприкларнинг бир қисми қурилишига сарфланади. Қолгани эса аввалги йиллардан қолган проектлар ёки бошқа нарсаларга кетади. Бир км йўл учун эса 10 млрд кетади деяпмиз.

Тўғри айтяпсиз, ямалган асфалт чиқиб кетиб қолади, яхшилари ҳам бор. Йўлларни янгилаётган вақтимизда энди бу нарсага йўл қўймаймиз. Йўлларнинг бузилиб кетишига ҳам асосий сабаб вақтида, мустақилликдан кейин маблағ ажратилмаган.

Мен ўзи эскидан шу соҳада ишлайман, 174 минг км йўлларимизнинг юкламаси 5–8 тоннага, 13,5 минг кўприкдан 11 мингдан ошиғи 5–8 тоннага мўлжалланган, лекин 30 тоннагача машиналар кириб келади. Асосан катта юк машиналари йўлларимизни бузиб ташлаяпти», – деди Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев.

Мавзуга оид