Жаҳон | 09:08 / 09.04.2021
27996
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг ҳаракатларига жавобан Қора денгизга ҳарбий кемалар жўнатиши мумкин - ОАВ 

АҚШ Россиянинг Украина билан чегарада қўшинларини кучайтираётганига жавобан Қора денгизга ҳарбий кемаларини жўнатиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа соҳасидаги манбага таяниб CNN телеканали хабар берди.   

Манбанинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар Москвага АҚШ вазият ортидан кузатаётганини билдириб қўярди. АҚШ ҳозирча Россия кучларининг чегарада тўпланаётганини ҳужумкор ҳаракатларга тайёргарлик деб баҳоламаяпти, бироқ “агар бирор ўзгариш бўлса, бунга тайёр бўлади”. Вашингтон бу вазиятда Россия машғулотлар ўтказаётгани ва разведка қўшинларга кейинги ҳаракатларга буйруқ бўлганини қайд қилмаганидан келиб чиқмоқда. 

АҚШ Қора денгизга Туркиядаги Босфор ёки Дарданелл бўғозлари орқали ўтади. Монтрё конвенциясига кўра, АҚШ бу ҳақида Туркияни 14 кун олдин огоҳлантириши керак бўлади. Бироқ ҳозирча АҚШ Туркияга бундай огоҳлантиришни юборгани номаълум.   

Пентагон вакилининг таъкидлашича, АҚШ ҳарбий авиацияси Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида разведка олиб бормоқда ва Россия ҳарбий флоти ҳамда Қримда қўшинларнинг ҳаракатланиши ортидан кузатмоқда. 

8 апрелда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Россия қўшинларининг Украина билан чегарада кучайтирилаётганидан хавотир билдирганди. Унинг айтишича, ҳозирда Россиянинг Украина билан чегарасида 2014 йилдан бери энг кўп сондаги қўшин тўпланган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков қўшинларнинг чегарага кўчирилишини Москванинг Украинадаги нотинч вазиятга муносабати эканини айтган.  

Россия Федерация кенгаши вице-спикери Константин Косачев Вашингтоннинг ушбу режаларига изоҳ бериб, Украинанинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши Киевнинг Донбассда ҳарбий куч қўллашга ундашини англатишини айтган.  

Унинг эслатиб ўтишича, Монтрё конвенциясига кўра Қора денгиз бўйида жойлашмаган давлатларнинг ҳарбий кемаларига турк бўғозларидан ўтиш учун кема синфи (кичик ўлчамдаги сув усти кемалари ўта олади) ва тоннажи бўйича чеклов киритилган. 

“Бундай ҳарбий кемаларнинг умумий тоннажи 30 минг тоннадан (тоннаж Қора денгиз бўйи давлатлари ҳарбий-денгиз кучлари оширилганда 45 минг тоннагача кўтарилиши мумкин) ошмаслиги ва улар Қора денгизда 21 кундан кўп қолмаслиги керак. Бу масаланинг ҳуқуқий томони. Бироқ унинг сиёсий томони ҳам мавжуд”, деб айтган Россия вакили. 

Мавзуга оид