Жамият | 19:27 / 12.04.2021
7619
6 дақиқада ўқилади

Рамазон руҳиятнинг шифокори ҳамдир – мутахассис бу ойдаги соғликка фойдали жиҳатлар ҳақида

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова кириб келаётган Рамазон ойида соғликни мустаҳкамлаш бўйича ўз тавсияларини берди.

Руҳий ҳолат билан жисмоний ҳолат ўртасидаги барқарорлик, уйғунлик, сиҳат-саломатлик гаровидир.

  • Завқли ва соғлом ҳаёт кечириш учун: кайфиятнинг кўтаринки бўлиши ҳаёт давомида қанчалик соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилишга боғлиқ десак, адашмаган бўламиз. Зеро, соғлом танда соғ ақл, дейишади.
  • Уйқунгиз маромида бўлсин! Қулай ётоқ ва тиниқ уйқу бўлиши ҳамда меъёрий 7-8 соатлик уйқу соатларини ташкил қилиш керак.
  • Яхши овқатланинг! Мева ва сабзавотларни кўп истемол қилиш, парҳезпоб таомлардан (парранда гўшти ва балиқ) еб туриш танамизга кони фойда.
  • Машқ қилинг! Имконият даражасида қанчалик кўп жисмоний машқларни бажарсангиз, шунча ёш ва кўркам кўринасиз. Олимларнинг айтишича, кунига 20-30 дақиқалик машқлар инсон умрини ўртача 3 йилга узайтирар экан.
  • Узоқ яшаш сирларидан энг яхшилари — ҳаётга яхши назар билан қараш, доимо яхши ният қилиш, одамларни севиш, меҳнатсеварлик, шукроналик, бағрикенглик, кечиримли бўлиш, руҳий ҳиссиётларга қаттиқ боғланиб қолмаслик, стрессларга берилмаслик.
  • Ҳаётингизни соддалаштиринг! Одамларда одатда керагидан ошиқроқ нарсалар бўлади. Уйингиз, умуман, атрофингиздаги сизга керак бўлмаган нарсаларни камайтиринг. Анча енгиллашасиз!
  • Яхшилик қилиб туринг! Атрофдагиларга беғараз кўмак беришни канда қилманг. Тадқиқотлар кўрсатишича, одамларга ёрдам бериб яшайдиган инсонлар бахтлироқ ва узоқроқ умр кечирадилар.
  • Яхши тарафни кўришга ҳаракат қилинг! Олимларнинг таькидлашича, оптимистлар (илғор фикрлайдиган инсонлар), пессимистларга (тушкунликка мойил) қараганда 7-8 йил узоқ яшаркан. Қувноқ инсонларнинг дўст орттириши ҳам осон .
  • Жилмайинг! Самимий табассум ва беозор кулги инсон умрини узайтириши сир эмас. Кулги яхшигина кайфиятни кўтаради.
  • Сув ичинг! Сув сизни соғлом, чиройли ва хотиржам қилади.
  • Хавотирланманг! Ўзингизда йўқ нарса учун ташвиш чекманг. Ҳозир йўқлигининг боиси демак, ҳали мавриди эмас.
  • Асосийси, тақдирингиздан асло нолиманг! Бу сизга ҳеч қандай наф бермайди! Ҳаётингизда бор одамлар ва бор нарсалар учун шукр қилиб яшашга ҳаракат қилинг.

Иммунитет бизнинг беминнат тансоқчимиздир. Табиийки, иммунитет пасайганда, организм кучсизланади. Ўзимизни касалликлардан ҳимоя қилишимиз, иммунитетни асраш ва рўза кунлари кун давомида тетик бўлиш учун қуйидаги кун тартиби ҳамда овқатланиш қоидаларига амал қилиш жуда муҳим:

  • эрта тонгда белгиланган соатда уйқудан уйғониб, гигиеник тадбирлар ва амалларни бажариш;
  • соғ-саломат кунни яхши кайфиятда ўтказиш учун саҳарликка фойдали ва кун давомида тўқлик ҳиссини берувчи маҳсулотларни танлаш;
  • ифторликда енгил ҳазм бўладиган овқатлар, салатлар ейиш ва шарбатлар ичиб туриш;
  • Овқатланишда, албатта, меъёрга амал қилиш;
  • кун давомида саломатлик ҳолати даражасини инобатга олиб, дам олиш ва фаолликни режалаштириш лозим.

Рўза пайтида ҳимоя тизими ҳолсизланишига йўл қўйманг!

Об-ҳавога мос кийинишга ва тананинг мўътадил ҳароратини сақлашга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда, ҳавода муаллақ сузиб юрган барча микроб ва вируслар касаллик қўзғатиши мумкин.

Иммунитетни кучайтириш учун танани озиқлантирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак бўлади.

  • Бир кунда 500 граммдан кам бўлмаган миқдорда сабзавот ва мевалардан ейиш. Мевалар «ҳаёт бахш этувчи витаминлар» деб аталади. Айниқса, витамин А ва С иммун тизими учун энг муҳим. Сабзавотларда организм учун фойдали витамин ва минераллар бўлиши билан бирга, улардаги озиқ толалар (клетчатка) ичакларни тозалайди.
  • Кўкатлардан фойдаланган ҳолда, сабзавотлардан ҳар хил салатлар тайёрлаб истеъмол қилиш организм кучини оширади. Шпинат, кашнич, укроп кабиларда иммун тизими учун керакли глутамин моддаси бўлиб, у ошқозон-ичак шиллиқ қаватини мустаҳкамлайди.
  • Иммунитетни оширувчи оқсилга бой гўшт, тухум, балиқ ва сут маҳсулотлари ҳам таомда бўлиши керак. Рух ва селен каби минерал моддалар иммун тизимини кучайтиради. Селен — организмнинг антитаналар ишлаб чиқишини яхшилайди. У мол ва қўй жигари балиқ гўштида кўп миқдорда бор. Рух ҳужайравий иммун фаолликни оширади, натижада вирусларга қарши курашишда асосий ўрин тутади. У тухумда, гўштда кўп бўлади.

Рўзада одам доим ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ишчан ва соғлом бўлиш учун фаолликни унутмаслик керак — айрим тизимларни тана аъзоларининг зўриқишига йўл қўймаслик учун фаол ҳаракатларни бажаришда ҳар бир киши ўз ёшига, бажарадиган ишига, саломатлиги ҳолатига қараб танлаши лозим. Бундан ташқари, организмнинг ўзига хос хусусиятларини, кучини, имкониятларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.

Руҳий хотиржамлик ҳам иммун тизимига ижобий таъсир этади. Кундузлари рўзадорлик ва кечалари тоат-ибодатлар билан ўтадиган бу муборак ой меҳр-мурувват ва яхшилик қилиш ойи экани билан ҳам инсонга кўтаринки руҳ беради. Рамазон руҳиятнинг шифокори ҳамдир. Қолаверса, руҳий хотиржамлик вақтида инсон тафаккури тиниқлашади, онг покланади.

Агар инсон етарли даражада ухламаса, бу ҳам иммунитетни пасайтиради. Шу боис, меъёрий уйқу жуда муҳим. Кам уйқу тана ҳужайраларининг тикланиши ва иммун тизимига салбий таъсир этади. Умуман физиологик уйқу 7-8 соатни ташкил қилади. Инсон организми кўп микробларга дуч келади, уйқу пайтида «Т ва В лимфоцитлар» каби антитаналарни ишлаб чиқарилади ва иммун ҳужайралар сони ортади ва улар томонидан касаллик чақирувчи микроорганизмлар йўқ қилинади.

Рўза инсон танаси ва руҳияти тарбияси учун муҳим «дастур» ҳисобланади, натижада ҳаёт тарзимизни ижобий томонга тўғрилаб оламиз.

Муборак Рамазон ойида бир-биримизнинг руҳиятимизни кўтарайлик, янада кўпроқ меҳр-оқибатли бўлайлик!

Мавзуга оид