Жаҳон | 20:48 / 13.04.2021
32033
1 дақиқада ўқилади

Байден Путинга телефон қилиб, учрашишни таклиф қилди

АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинга телефон қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, қўнғироқ Байденнинг ташаббуси билан амалга оширилган. Оқ уйга кўра, Байден сайловларга аралашиш ва киберҳужумлар учун керакли жавоб берилишини Путинга яна бир бор тушунтирган. Томонлар ҳарбийлар устидан назорат ва бошқа хавфсизлик масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Байден Путинга яқин уч ой ичида нейтрал мамлакатда ўзаро учрашишни таклиф қилган. Шунингдек, АҚШ президенти Россиянинг Қрим ҳамда Украина чегарасидаги фавқулодда фаоллашувидан хавотирда эканини билдирган ва Украинанинг суверенитетини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган. Оқ уйга кўра, президентларнинг учрашувида икки томонлама муносабатлар тўлиқ кўриб чиқилиши мумкин.

Олдинроқ Байден Путинни қотил деб ҳисоблашини айтган ва Путин бунга жавобан ҳамкасбини жонли эфирда баҳслашишга таклиф қилганди.

Мавзуга оид