Жаҳон | 22:09 / 14.02.2025
6615
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Путин Украина бўйича АҚШ билан музокараларга «оғир вазнлилар жамоаси»ни жалб этади

Музокара ўтказишга масъул бўладиганлар гуруҳига Россия президентининг ташқи сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ташқи разведка хизмати директори ва Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори киритилган.

Фото: AFP/Getty Images

Владимир Путин Россия—Украина урушини якунлаш бўйича АҚШ вакиллари билан мулоқот қилишга «музокаралар ўтказиш бўйича кўп йиллик тажрибага эга оғир вазнлилар жамоаси»ни шакллантирмоқда, деб хабар беради Bloomberg.

Агентлик манбасининг маълум қилишича, музокара ўтказишга масъул бўладиганлар гуруҳига РФ президентининг ташқи сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков, Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев киритилган.

Bloombergʼнинг қайд этишича, Ушаков ва Наришкин Украина билан ўт очишни тўхтатиш бўйича биринчи музокараларда иштирок этган. Дмитриев эса ўз навбатида 2025 йил февралда америкалик мактаб ўқитувчиси Марк Фогелнинг озод этилишида қатнашган.

Россия гуруҳидан, шунингдек, 2022 йилда ўтказилган музокараларнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўрин олиши мумкин. Агентликнинг Кремлга яқин манбасининг сўзларига кўра, улар музокараларда Украина вакилларига ёрдам беради. Жумладан, улар орасига РФ президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский ҳам киритилиш эҳтимоли мавжуд.

Дмитриев матбуот хизмати унинг тинчлик музокараларидаги иштирокига изоҳ беришдан бош тортди. Кремл ҳам Bloomberg сўровига жавоб қайтармаган.

Аввалроқ Володимир Зеленский Украина ўз иштирокисиз ҳеч қандай икки томонлама тинчлик музокараларини қабул қилмаслигини айтганди. Бундан ташқари, Украина президенти Европа давлатларининг бўлажак тинчлик музокараларида иштирок этишидан «жуда манфаатдор» эканини маълум қилган.

Мавзуга оид