Ўзбекистон | 09:10 / 14.04.2021
9497
4 дақиқада ўқилади

Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича режалар эълон қилинди

2021 йилги Бутунжаҳон илғор технологиялар бўйича танловда Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича инновацион режалар эълон қилинди.

Асаларичиликни ривожлантиришга кўмаклашадиган гул плантациялари, аёлларни табиий ресурсларни бошқаришга ўргатиш, шўрланган ерларни тиклаш бўйича лойиҳа – бу Орол денгизи минтақасида ерларни тиклаш – 2021 йилги Бутунжаҳон илғор технологиялар танловида бош совринни қўлга киритган илғор инновацияларнинг бир қисмигина холос.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг маълум қилишича, 9 апрель куни Жаҳон банки томонидан Глобал Ландшафт Форуми (GLF), Қозоғистон-Германия университети (DKU) ва Plug and Play (P&P) инновацион компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган виртуал маросим пайтида 4 нафар ғолиб эълон қилинди.

Танловга бешта қитъадаги 28 мамлакатдан 159 та таклиф келиб тушди. Аризаларнинг ярмидан кўпи Марказий Осиё мамлакатларидан келган. Жаҳон банки ва ҳамкор ташкилотлардан бўлган 42 нафар дунёнинг етакчи мутахассислари тақдим этилган материалларни баҳолаб, 24 та лойиҳани танладилар.

2020 йил ноябрь ойида бошланган илғор технологиялар танлови Орол денгизи минтақасида ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланишга қарши курашиш бўйича илғор ғояларни аниқлашга қаратилган. 

Бутунжаҳон илғор технологиялари танловининг ғолиблари:

  • Қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш: Қуруқ шўрланган ерларни барқарорлаштириш учун маҳаллий чўкинди жинслар ва чиқиндиларни ишлатишга асосланган NETICS B.V. (Голландия) томонидан ишлаб чиқилган ерни тиклаш жараёни. Компаниянинг патентланган GEOWALL® технологияси шикастланган Орол денгизи ҳавзасидан заҳарли тупроқларнинг шамол орқали тарқалишининг олдини олишга мўлжалланган.
  • Барқарор ўрмончилик: Ўзбекистонлик Наталя Акиншина ва Азамат Азизовлар томонидан ишлаб чиқилган «Орол асал боғлари» лойиҳаси асаларичиликни ривожлантириш учун гулли дарахтларни экишни назарда тутади, бу эса ўрмонларни тиклаш билан бир қаторда аҳолини янги иш ўринлари ва даромадлар билан таъминлайди.
  • Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш: Хайринисо Расулова, Муяссара Бобохонова, Шоҳида Тулиева ва Фарзона Маҳмудова томонидан тақдим этилган Аёллар сув форумининг (Тожикистон) ташаббуси онлайн технологиялар, мураббийлик ҳамда сув ва ер ресурсларини бошқариш соҳасида ўқитиш орқали қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги ташаббуслар билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.
  • Ахборот ва билим: kartECO – Экологик ва энергетик муҳандислик бўйича консультация (Греция) томонидан ишлаб чиқилган яйловларни барқарор бошқариш учун Sentinels иловаси  — бу булутли онлайн-тизим бўлиб, у Марказий Осиёда ўтлоқларни сақлаб қолиш ва яйловларни йўқ қилишга қарши курашишга қаратилган.

Орол денгизини тиклашда қўшган ҳиссалари учун танлов ғолиблари 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва мураббийлик дастурида қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.

Танловда иккинчи ўринни эгаллаган лойиҳаларнинг ҳар бири 1000 доллар олди ва «Янги юлдуз» номинациясида тақдирланди:

  • Қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш. Сувни тежаш ҳамда ер ва тупроқни шамоллатиш учун озуқавий гидрогел (Қирғизистон).
  • Барқарор ўрмончилик. Уруғ ичидаги денгиз: ерларни тиклаш учун агро-ўрмончилик соҳасидаги регенератив ечимлар (Ўзбекистон).
  • Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш. «Марказий Осиё ери ва суви» YouTube каналида Орол денгизи ҳавзаси ҳақидаги янгиликлар (Германия).
  • Ахборот ва билим (жамоавий). Экинларнинг униб чиқишини баҳолаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш учун дронлар ёрдамида таназзулга учраган ерларни масофадан туриб зондлаш (Қозоғистон).
  • Ер ва сув ресурсларини яхшироқ бошқариш учун очиқ ахборот хизматларини тақдим этадиган PRO-access технологияси (Нидерландия).

«Ушбу креатив ғоялар Орол денгизи ҳавзасининг тикланишига ёрдам беради. Улар барчамиз бу дунёни ўзгартиришга, шу жумладан иқлим ўзгариши билан боғлиқ жиддий глобал муаммоларга қарши туришга қодир эканлигимизни тасдиқлайди», — деди Барбара Януш-Павлетта, Қозоғистон-Германия университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори.

Мавзуга оид