Жамият | 12:06 / 14.04.2021
30060
2 дақиқада ўқилади

Қаршида имтиҳондан ўтиши учун ўқитувчиси пул сўраган талаба ўзини осгани айтилмоқда

Қарши давлат университети

Қарши давлат университети талабаси ўқитувчиси имтиҳондан ўтиши учун пул сўрагани сабабли ўзини осгани айтилмоқда. Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, бу иш Қарши тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил февраль ойида Қарши давлат университети физика-математика факультетида тўлов-контракт асосида иккинчи курсда таҳсил олаётган талаба ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 2021 йил 27 февраль куни жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда талаба қишки сессия имтиҳонларидан ўтолмагани, унинг имтиҳондан ўтиши учун ўқитувчи катта миқдорда пора талаб қилгани ва айнан шу ҳолат марҳумнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган. Бу ҳақда тарқалган хабарларда ҳодиса ўрганилмасдан, бости-бости қилиб келинаётгани ҳам айтилган.

«Шунга кўра, мазкур важни ўрганиш мақсадида Қарши тумани прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади», – дейилади Шамсутдиновнинг хабарида.

Мавзуга оид