Жамият | 17:21 / 16.04.2021
12875
9 дақиқада ўқилади

«Ошхонанинг ярмини маънавият хонаси қилдик» — Учкўприкдаги абгор мактаб манзаралари

Kun.uz таҳририятига Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Бобошбек» МФЙда жойлашган ва абгор ҳолатдаги 3-ўрта умумтаълим мактабининг аҳволидан арз қилинган мурожаат келиб тушди. Kun.uz мухбирлари мурожаатни жойига бориб ўрганишди.

Ҳали мактаб ҳудудига кирмасдан туриб, унинг чиндан абгор ҳолатда эканлигини илғаш қийин эмасди: мактаб девори сувоқлари кўчиб тушган, даргоҳ қаршисидан ўтувчи ариқларда чиқинди уюмлари қалашиб ётарди.

Мактаб ҳудудига кирганимизда мурожаатчилар томонидан ёзилган хатда тасвирлаб берилгандан ҳам ёмонроқ аҳволдаги мактаб биносига дуч келдик. Гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳожатхонанинг ўзиёқ исталган инсоннинг таъбини тирриқ қилиши мумкин. Деворлари нураб тушган. Ичимлик суви қувурлари ҳам хизматини аллақачон ўтаб бўлган эди.

Омборхона ва ошхонадаги шароит ҳам бир аҳволда. Мактаб атрофи девор билан тўлиқ ўралмаган. Бино шиферини шамол қаёқларгадир учирган афтидан.

Биз борган пайтда мактабда семинар бўлаётган, туман халқ таълими бўлими мудири ҳам тадбирда иштирок этаётган экан. Мактаб шароити билан танишгунимизгача тадбир якунига етиб, мудир кетиш тараддудига тушди.

Мудирдан таълим даргоҳининг аячли ҳолати ҳақида муносабат олмоқчи бўлдик. У эса туман прокуратурасида иши борлиги, мактаб билан боғлиқ барча саволларга қурилиш бўйича муҳандис жавоб беришини айтиб, кетиб қолди.

Айтиш мумкинки, ёмонликни мухбирлар кўрсатмаса ҳам, ҳаммаси ўзи манаман деб балқиб турибди: мактаб биноси шифтлари захлаб кетган, сувоқлари нураган, поллар чириган, сувоқлар тўкилган, парталар синган эди. Энг ачинарлиси, хоналар гигиена талабига жавоб бермас, алмисоқдан қолган жавонда буюк сиймолар сурати мунғайибгина турарди.

Ҳолатни жамоатчиликка олиб чиқмоқчи бўлган журналистдан кир қидириб, уни нохолисликда айблагандан кўра, шароитни тўғирлаб қўйишса бўлмайдими?

Фарзандлари шу мактабда ўқийдиган ота-оналардан бири Манзура Жалилова кўп йиллардан буён юқори идораларга қилинган мурожаатлар самарасиз бўлиб қолаётганини айтди.

«4 нафар фарзандим бор. Кенжа фарзандим шу мактабда ўқийди. Қолган фарзандларим ҳам айнан шу мактабни тамомлашган. Шикоятимиз жуда кўп. Мактабда спорт зал йўқ. Хоналарда жиҳозлар жуда эскириб кетган, таъмирталаб. Пол аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Мажлислар зали ҳам йўқ. Ҳатто лаборатория ишлари олиб бориш учун асбоб-ускуналарни кўрмаймиз.

Неча йиллардан буён туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, депутатларга мактаб биносини таъмирлаб беришни сўраб ота-оналар номидан бир неча бор мурожаат қилганмиз. Лекин натижа бўлмаяпти», дейди у.

Ҳозирда мактабда уч фарзанди таҳсил оладиган Комилжон Туроповнинг ўзи ҳам шу мактабда ўқиган. У ўзининг ўқувчилик йилларида мактабдаги аҳвол ҳозиргидан анча яхши бўлганини айтади.

«Мактабимиз шароити билан танишиб гувоҳи бўлдинглар. Ҳолат умуман ёмон. Тегишли жойларга қачонлардан буён айтиб келамиз. Мурожаат қилсак мутасаддилар келиб, шароит билан танишади. Шу билан яна йўқ бўлиб кетишади. Бу борада уларнинг режаси қандайлиги бизга мавҳум. Ремонт қилиб томларини ҳам ўхшатиб беришларини талаб қиламиз.

3 нафар фарзандим шу мактабда ўқийди. Улар яхши шароитда ўқишини хоҳлайман. Бошқа шароити яхшироқ мактабга олиб кетай десам, ўртоқларидан ажратгим келмаяпти. Даргоҳнинг кўрсатиб бўлмайдиган даражада абгор жойлари ҳам бор. Қиш фаслида ҳам иситиш таъминоти талабга жавоб бермайди. Мутасаддилардан эътибор қаратишни илтимос қилиб қоламиз. Ахир биз ўқиган пайтларда шароит бунчалик абгор эмасди», — дейди у.

Нуриддин Шаропов мактабда спорт зали йўқлигига эътибор қаратган.

«Тан олиб айтиш керак. Мактабнинг ўқитувчилари билимли. Лекин кўриб гувоҳи бўлганингиздек, таълим даргоҳининг шароити талабга жавоб бермайди. Қишда иситиш тизими ёмон. Бир сўз билан айтганда, мактаб капитал таъмирга муҳтож. Том қисмларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Шиферлар синиб ётибди. Ошхона ҳам йўқ. Яна бир ачинарли жиҳати, ёнғин хавфсизлиги талабига ҳам жавоб бермайди.

Ҳеч кимга сир эмас. Қишлоқларда ҳам чемпионлар етишиб чиқяпти. Спорт зали йўқлиги эса мактабнинг энг оғриқли нуқталаридан бири. Фарзандларимизнинг спорт билан шуғулланишини хоҳлаб бошқа пуллик жойларда спорт тўгаракларига беришга мажбур бўляпмиз. Таълим масканида давомат ҳам жуда ёмон. Бундай шароитда кимнинг ҳам ўқигиси келади?» — дейди у.

Хуршид Азизов шароит ёмонлиги учун фарзандларини марказдаги бошқа таълим масканига кўчиришга мажбур бўлганини маълум қилди.

«Ўзим ҳам шу мактабни тамомлаганман. Ҳунар эгаллаб ҳаётда ўз йўлимизни топиб олганмиз. Мактабнинг шароитини кўриб, 2 нафар фарзандимни марказдаги бошқа таълим масканига олишга мажбур бўлдим. Уйимдан узоқда бўлса ҳам улар шароити анча яхши мактабда таҳсил олишяпти. Айниқса, 3-мактабда қиш фаслида давомат камайиб кетади. «Бобошбек» МФЙда билимга тиришқоқ болалар кўпчиликни ташкил қилади. Қани энди мутасаддилар мактаб шароитини ўнглаб берса...», дейди у.

3-мактаб директори Ҳошияхон Ортиқовадан мактаб нима учун бу аҳволга келиб қолгани, даргоҳ қачон таъмирланиши ҳақида сўрадик.

«Бу мактабда 2020 йил 18 февралдан директор бўлиб ишлайман. Ўқувчиларга ҳозирда 68 нафар педагог билим бериб келишади. Мактаб таъмири бўйича юқори ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Лекин уринишлар наф бермаяпти. 2021 йилда таъмирланиши айтилган эди. Пандемия туфайли капитал таъмир 2023 йилга сурилди.

Март ойида туман ҳокими мактабга келиб шароит билан танишган. Ўшанда ҳоким таъмир учун маблағ йўқ эканини айтган.

Иситиш тизими ёмон ҳолатда. Битта қозонхонамиз ишдан чиққан. Қиш фаслида берилган кўмир сифатсиз. Август ойида берган кўмирларини захира қилиб олиб қўямиз.

Жисмоний тарбия дарслари об-ҳаво яхшилигида ташқарида ўтилади. Спорт зали йўқлиги учун дарс соатлари камайтирилди. Бир соат назарий ўтишди. Амалийсини ўтишмади.

Ошхонамизда инвентар етишмайди. Стол ва стуллар етишмайди. ХТБ, маҳалла ҳомийлигида ошхонанинг ярмини маънавият хонаси қилдик. Шундай шароитда ҳам ўқувчиларга билим бериб келяпмиз. Спорт зали бўлмаса ҳам ўқувчиларимиз спорт мусобақаларида ўрин олиб келишади», — деди мактаб директори Ҳошияхон Ортиқова.

Бу вақтда туман ХТБ мудири Дилафруз Аюпова қайтиб келганди. Мудир мактабнинг капитал таъмири билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

«2018 йилда мактабнинг бир корпусига халқ таълими бўлими сметасидан 22,5 миллион сўм маблағ ажратилган. 2019 йилда биз турган бинонинг том қисми таъмирланган. Бунга 30 миллион сўм сарфланган. 2020 йилда битта синф хонаси ҳомийлар томонидан комплект парта-стуллар билан таъминланган. Қўшимча ошхонамизга 19 миллион сўм сарфланган шу кунгача. 2020 йилда пандемия туфайли жорий таъмирга ажратилган маблағларимиз давлат томонидан кесиб олинди. Лекин маблағ ажратилган эди. 2023 йилда дастур бўйича 41-, 46-, 40-, 3- мактабларни дастурга киритганмиз.

Бўлим томонидан вазирликка мактабни таъмирлаш учун таклиф берилган. Вазирлик таъмирлашни 2020 йилга берган эди. Энди бу 2023 йилга сурилди. Таъмирлаш учун маблағни вилоят ҳокимлиги ва вазирлик ҳал қилади. Юқори ташкилотларга таклиф биздан берилади. Биз одатда таклифни вилоятга берамиз. Вилоят вазирликка беради. Мактабда спорт зали ва маънавият хонаси йўқ. Бу бинолар капитал таъмирлаш вақтида қурилиши режалаштирилган.

Биргина бу мактаб эмас, туман мактабларида муаммолар кўп. Имконият даражасида буларни бартараф қилиш учун ҳаракат қиляпмиз.

Ҳар йили биз таъмирга муҳтож мактабларни жорий ва капитал таъмир қилиш учун юқори ташкилотларга таклифлар бериб келамиз», — дейди мудир.

Ўтган йиллардаги таъмирлаш ишларига қарамай, мактаб ҳамон ўта ачинарли аҳволда қолмоқда.

Бугун келажак пойдевори деб қаралаётган ёш авлод шундай шароитда таҳсил олса ярашармикан? Учкўприклик ўқувчилар ҳам замонавий таълим даргоҳларида таълим олишни хоҳлашади. Уларнинг ҳам ҳавас қилса арзигулик даражадаги мактабларда ўқишга ҳаққи бор.

Умид қиламизки, яқин фурсатларда мактаб тўлиқ таъмирдан чиқарилади.

Сарвар Зияев, Файзулло Султонов.
Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид