Жаҳон | 09:09 / 20.04.2021
19454
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси Россияни тарк этишдан бош тортмоқда – ОАВ  

Фото: Reuters

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан расмий Москва унга  маслаҳатлашувлар учун Вашингтонга кетишини тавсия қилганига қарамай, Россияни тарк этишдан бош тортди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб Axios нашри хабар берди.  

16 апрел куни Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг санкцияларига жавобан 10 нафар америкалик дипломатни чиқариб юборишини ва Салливанга «уйга маслаҳатлашувлар учун қайтиш»ни тавсия қилган. Моҳиятан бу Россия АҚШ элчисини ўз ҳудудидан чиқариб юборишини англатади.  

Axios’нинг хабар беришича, ушбу тавсияларга қарамасдан, Салливан Москвада ўз ишини давом эттирмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, АҚШ элчиси Россия расмийлари уни мажбур қилмагунча Россияни тарк этиш истагида эмас. 

Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар АҚШ президенти Жо Байденнинг март ойидаги интервьюсидан кейин таранглашди. Байден ўша интервьюда Россия президенти Владимир Путинни «қотил» деб ҳисоблашини ва Москва АҚШдаги сайловларга аралашув учун «катта ҳақ тўлашини» айтган. Шундан кейин Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов ортга чақиртириб олинган. 

Мавзуга оид