Ўзбекистон | 08:43 / 22.04.2021
8605
3 дақиқада ўқилади

Автовокзал ва автостанцияларга бир қатор янги талаблар қўйилмоқда

Транспорт вазирининг “Йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Буйруқ лойиҳаси билан йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари тўғрисида низом тасдиқланмоқда. Низом автовокзаллар ва автостанциялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ишлайдиган автовокзаллар ва автостанцияларнинг асосий вазифалари, функциялари ва фаолияти технологик жараёнини белгилайди.

Автовокзал, автостанциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • йўл ҳаракати хавфсизлигини ва автовокзал (автостанция)нинг хавфсиз ишлаш шароитларини таъминлаш;
  • автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча бўлинмалар ва хизматлар узлуксиз ишини ташкил этиш;
  • йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар оммабоплиги, зарур ҳажми ва сифатини таъминлаш.

Ҳар битта вазифани бажариш учун бир қатор функциялар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Низомда автовокзал (автостанция)ни ташкил қилиш тартиби ва автовокзалларнинг категориялари ва автостанцияларнинг классларини аниқлаш мезонлари кўрсатилган.

Қуйидагилар автовокзаллар категориялари ва автостанциялар классларини аниқлаш мезонлари ҳисобланади:

а) йўловчиларнинг айнан бир вақтдаги сиғими;

б) автотранспорт воситаларининг бир суткадаги жўнаб кетишлари сони;

в) бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш ҳудудлари, технологик анжомлар мавжудлиги.

Категорияси ва класси ҳисобга олинган ҳолда, автовокзал ва автостанцияларга бир қатор талаблар қўйилмоқда. Жумладан, ҳудудида йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари, рейслар ўртасида автотранспорт воситалари тўхтаб турадиган майдончалар, чиқариш/тушириш перронларида ногиронлар аравачалари учун мўлжалланган шохобча йўллар, ногиронларни аравачалари билан чиқариш ва тушириш учун жиҳозланган жойлар мавжудлиги, периметри бўйича тўсиқлар ҳамда видеокузатиш камералари ўрнатилиши, турғун металл детекторлар билан жиҳозланиши ва бошқалар.

Бундан ташқари, автовокзал ва автостанцияларда автотранспорт воситалари ҳаракатини ташкил этиш ва йўловчиларга маданий-маиший хизмат кўрсатиш, ахборот хизмати, чипта кассалари, багаж ва қўл юкини сақлаш хоналари ишини ташкил этиш тартиби белгиланмоқда.

Шу билан бирга, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда банд бўлган автотранспорт воситалари иши диспетчер орқали бошқарилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Мавзуга оид