Ўзбекистон | 18:43 / 22.04.2021
19416
9 дақиқада ўқилади

«Самосуд»дан фарқи нима? Тошкентда реклама конструкциялари суд қарорисиз бузиляпти

Тошкентда реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилинди. Kun.uz суриштируви бу жараёнда тадбиркорлар ҳуқуқлари поймол этилаётганини кўрсатмоқда.

Куни кеча сайтимизда Тошкент шаҳридаги ўнлаб тадбиркорларнинг ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётгани ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Мақолада пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган 200 дан ортиқ реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётгани ёритилган.

Ушбу ҳаракатлардан жабр кўрган тадбиркорлар ўзларига тегишли ташқи реклама объектларини нега ноқонуний бузиб юборилмоқда деб ҳисоблашларини айтиб берди.

«Solid Max» МЧЖ ходими Рафиқ Эргашевнинг айтишича, ҳозирги кунгача корхона балансидаги 43 та ташқи реклама объектининг 11 таси туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ноқонуний равишда бузиб ташланган.

Тахминий зарар миқдори конструкциялар турига қараб, ҳар бири учун 15-20 миллион сўмни ташкил қилади.

Рафиқ Эргашев «Solid Max» МЧЖ ходими

«Қўлимизда объектнинг паспорти бор, уни бузаётганлардан асос сўрасак, қонуний асос келтира олмаяпти. Оғзаки равишда сизлар LED экран ва ҳокимиятлар билан шартнома қилмагансизлар дейишяпти.

2020 йил 20 февралда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори бўйича Низом бор. Яъни Тошкент шаҳридаги барча реклама объектлари ВМ қарорига мос келадими ёки йўқлиги инвертизация қилиниши керак эди. Бу бўйича 6 ой ичида тадбиркорларга хатолар бўйича кўрсатма берилиши ёки ижобий хулоса берилиши керак эди. Лекин ҳеч қандай ишчи гуруҳ тузилмаган, кўрсатмалар ва хулоса ҳам берилмаган.

Ижобий хулоса асосида биз давлат хизматлари марказидан 20 йиллик гарантия LED экранли объект учун паспорт олардик. Хулоса берилмаганидан кейин, катта таваккал қилиб 150-170 миллион сўм турадиган қиммат, бузилиб кетмаслигига кафолат берилмайдиган LED экранларни қўйиб чиқолмаймиз-да. Бундан ташқари, бу ноқонуний ҳам бўлади, чунки паспорт оддий реклама объектига берилган», – дейди тадбиркор.

Тадбиркорларнинг айтишича, улар барча турдаги солиқларни ўз вақтида тўлаб келишмоқда. Фақат реклама объектлари учун шаҳар ҳокимлигининг «йиғими» 2020 йил 1 апрелдан буён тўланмаяпти. Бу ҳам тадбиркорларнинг айби билан эмас. Чунки ўша вақтдан бери ҳокимликлар ҳеч қайси тадбиркорга шартнома бермай қўйган.

Аҳмаджон Содиқов «Gunn Media» таъсисчиси

«2018 йилда «Тошкент реклама сервис» ДУК ёпилганидан кейин, «Тасвирий ойина» тузилди. 2020 йил апрелга қадар бу ташкилот тадбиркорлар билан шартнома тузишда амалий кўмак берган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2020 йил апрелдан шартнома тузиш бўйича мажбурият туман ҳокимликларига ўтган, лекин туман ҳокимликлари шартнома тузмаган. Шартнома тузиб, паспортларимизни LED экранга алмаштириб берсин, биз йиғимларни тўлашга тайёрмиз», – дейди «Gunn Media» таъсисчиси Аҳмаджон Содиқов.

Аҳмаджон Содиқовнинг айтишича, шу кунларда унга тегишли бўлган 2 таси 50 миллион сўмдан, 6 таси 20 миллион сўмдан ортиқ бўлган жами 8 та ташқи реклама объектлари ноқонуний ва асоссиз олиб ташланган. Бундан ташқари, ушбу объектларнинг бизнес манфаатдорлиги ҳам бор.

«Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарори бўйича, агар тадбиркорларнинг ташқи реклама объектлари нотўғри қўйилган бўлса ёки ушбу қарор талабларига зид келса, фақатгина суд тартибида олиб ташланиши керак. Ҳокимият вакиллари қарорнинг тепасини ўқиб, пастки қисмини кўрмаганга оляпти», – деди «Grand media dizayn» реклама агентлиги директори Тоҳир Усмонов.

Тоҳир Усмонов "Grand media dizayn" реклама агентлиги директори

Аввалги мақоламизда ҳам эслаб ўтганимиздек, тадбиркорлар ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳузурига ҳам киришган. Пойтахт ҳокими маҳаллий ҳокимликларга бундай буйруқ берилмаганини, тадбиркорлар ички ишлар ходимларини чақириб ёки прокуратура ва суд орқали ўз мулкларини ҳимоя қилиб олишлари мумкинлигини айтган.

Тадбиркорлар ҳокимият олдида

Лекин, «Solid Mass» МЧЖ ходими Рафиқ Эргашевнинг айтишича, реклама конструкцияларини бузиш учун келган маҳаллий ҳокимлик ходимлари билан гаплашган ИИО ходимлари тадбиркорларнинг ўзларини бўлинмага олиб кетиб қолган.

Вазиятга изоҳ берган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимига кўра, ҳокимлик фақат ноқонуний ўрнатилган реклама қурилмаларини олиб ташлашни ўтган йилдан бошланган ва бу тадбир ҳозир ҳам давом этяпти.

«Агар бирор бир тадбиркор қўлида ҳамма керакли хулоса ва ҳужжатлари бўла туриб, унинг мулки бузиб ташланаётган бўлса, у албатта ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши мумкин», деди биз билан суҳбатлашган ҳокимлик расмийси.

Лекин, вазиятга изоҳ берган Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, бу ишлар Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг туман ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ИИББга юборган хати асосида тартибда солинмоқда.

Хатда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 104-сон қарори 2– бандининг «е» кичик бандига мувофиқ, қарор қабул қилингунга қадар қонуний равишда ўрнатилган барча ташқи реклама объектларини қарор талабларига мослаштириш учун 6 ой муддат берилгани ва шу муддатда белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари ўрнатилган тартибда олиб ташланиши (демонтаж қилиниши) белгиланган.

Шаҳар ҳокими ўринбосарининг хатига кўра, 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектларини юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартириш белгиланган.

«Шунингдек, қарор 8-бандининг 2-хатбошисига кўра, ташқи реклама объектларини қуйидаги ҳолларда ўрнатиш тақиқланади:

  • автомобиль йўлларининг ажратувчи бўлагида;
  • йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ва (ёки) ётиқ чизиғи билан белгиланган қисмида;
  • тротуар ва пиёдалар йўлкаларида;
  • хавфсизлик оролчаларида.

Юқоридагиларни инобатга олиб, иловада кўрсатилган рўйхат асосида тегишли ишларни ўрнатилган тартибда амалга оширишингизни ҳамда қарор 8-бандининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатларни ташқи реклама эгаларини огоҳлантириб, биргаликда бартараф қилиш бўйича тегишли чоралар кўришингизни сўрайман» – дейилади хатда.

Бундан ташқари, вазиятга Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам изоҳ берган эди.

Агентлик, Тошкент шаҳрида жойлашган ва хатловдан ўтказилган 6 630 та ташқи реклама объектларининг 3 207 таси (50%) қарор талабларига мувофиқ эмаслиги аниқлангани, уларга камчиликларни бартараф этиш, қарор талабларига мослаштириш, мослаштириш имкони бўлмаган тақдирда ихтиёрий равишда демонтаж қилиш юзасидан тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 571 та (2034 та конструкция бўйича) кўрсатма хатлари берилганини маълум қилган.

Лекин, Kun.uz билан мулоқот қилган кўплаб тадбиркорлар уларга ҳеч қандай кўрсатма ва огоҳлантириш берилмагани, реклама баннерларидан ҳеч қандай камчиликлар топилмаганини таъкидлашган.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг тадбиркорлар чақируви асосида келиб, уларга ёрдам бермаётгани юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳам изоҳ берган эди. ИИББ вакили бундай ҳолатда «ҳар бир вазиятга алоҳида ёндашиш» кераклиги, ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасидаги масала фуқароликка доир масала бўлиши ёки ҳеч қандай жамоат тартибини бузиш ҳолати кузатилмаган бўлиши ҳам мумкинлигини истисно этмаган.

«Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркор ўша ҳудуддаги ички ишлар бўлинмаси раҳбари ёки прокуратурага ариза билан мурожаат қилиши керак. Шунда унинг аризаси асосида иш ўрганиб чиқилади», – деган ИИББ расмийси.

Кўриб турганингиздек, ҳокимлик жавобида ҳам, ҳоким ўринбосарининг юқоридаги хатида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори четлаб ўтилган. Яъни тадбиркорларнинг мулки суд тартибида, ноқонуний экани исботланган ҳолда эмас, балки ярим кечаси, фуқароларнинг қўлидаги ҳужжатига қараб ҳам ўтирмасдан бузиб ташланмоқда.

Тадбиркорларнинг маълум қилишича, айни вақтда улар қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, президент халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, Омбудсман ва Бизнес омбудсман, Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилишган.

Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда тадбиркорлар орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётган маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу ҳаракатларининг қонунийлигини Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Шу билан бир қаторда тадбиркорлар мурожаат қилган расмий идораларнинг ҳам ҳолатга изоҳ беришини кутиб қоламиз.

Kun.uz воқеалар ривожини ёритишда давом этади.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид