Ўзбекистон | 16:04 / 23.04.2021
18462
3 дақиқада ўқилади

«Гўшт нархи барқарорлашиши кузатилмоқда» — Марказий банк раиси

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга кўра, қорамол импорти ўтган йилга қараганда 4 баробар ошиб, расталарда гўшт нархи барқарорлашиши кузатилмоқда. Бироқ, фақат Марказий банкнинг хатти-ҳаракати инфляцияни пасайтиришга имкон бермайди.

22 апрел куни Марказий банк асосий ставкаси бўйича бошқарув йиғилишининг қарори бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МБ раҳбарияти Kun.uz мухбирининг инфляцияни таргетлаш бўйича саволларига жавоб қайтарди.

Банк раиси Марказий банк таъсир кўрсата олмайдиган ва бошқара олмайдиган барча омиллар режаларни бузиб юбориши мумкинлигини таъкидлади. 

«Номонетар омиллар бевосита Марказий банкка боғлиқ эмас. Озиқ-овқат маҳсулотларининг дунё бозорида ўзгариши ички бозорга ҳам таъсир қилади.  Шу ўринда бир нарсани айтиш керак, ҳозирги кунда гўшт маҳсулотлари бўйича нархлар барқарорлашганини кузатяпмиз. Aйрим ҳолларда кўзимиз тушади: гўшт нархларининг пасайтириб сотиш ҳолатлари бор. Ўтган йил 1 чоракда 8,5 минг қорамол олиб кирган бўлсак, бу йил қорамол импорти 4 баробарга кўпайиб, 32 мингга етди. Фақат Марказий банкнинг хатти-ҳаракати инфляцияни тўлиқ бошқаришга имкон бермайди, ташқи омиллар ҳам таъсир қилади. Бунда ташқи ҳамкорлар, ташқи жаҳон бозоридаги нарх-наво ўзгариши ўз аксини топади. У ерда Марказий банкнинг монетар инструментлари ишламайди», деди у.

Шунингдек, марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев инфляцияни таргетлашда Марказий банк инструментлари етарли эканини таъкидлади. 

«Инфляцияни таргетлашда Марказий банк инструментлари етарли, чунки инфляцияга нафақат монетар омиллар, балки номонетар омиллар ҳам таъсир қилади.

Номонетар омилларга қандай қилиб Марказий банк таъсир қила олади? 2019 йил ноябрда инфляцион таргетлаш режимига ўтиш бўйича қарор қабул қилинганди. Унда нафақат МБ пул-кредит сиёсати, балки бутун иқтисодиёт инфляцион таргетлаш сиёсатига ўтаётгани кўрсатиб ўтилган. Рақобатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш... умуман, номонетар омиллар бўйича ҳар битта вазирликка вазифалар белгилаб берилган», деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Aввалроқ, Марказий банк раиси имтиёзли кредитлар банк тизимида коррупцияга мойилликни оширишини таъкидлагани хабар қилинган эди.

Шунингдек, кеча, 22 апрел куни Марказий банки бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Жорий йил феврал ойида Марказий банк озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига босим сақланиб қолиши кутилаётганини билдирганди.

Мавзуга оид