Жамият | 12:41 / 26.04.2021
6145
2 дақиқада ўқилади

Божхонада қайд қилинмаган 5 млрд сўмлик "пардалар" аниқланди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкентдаги мебел дўкони омборхонасида 5 млрд 338 млн сўмлик божхонада расмийлаштирилмаган пардалар сақланаётгани аниқланди. Бу Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити, Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлимлари ходимлари ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда маълум бўлган. 

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Тошкент шаҳридаги мебел дўконларидан бирининг омборхонасидан товар-моддий бойликларни ортиб, белгиланган йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, транспорт воситасининг юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган парда матолари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, мебел дўкони омборхонаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. 

Натижада, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, жами қиймати 5 млрд 338 млн. сўмлик, 1759 ўрам парда матолари ҳамда 5645 ўрамда тайёр пардалар борлиги аниқланган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид