Ўзбекистон | 13:33 / 26.04.2021
2903
1 дақиқада ўқилади

Алимент тўламаган ота қамалди

Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро фарзандлари таъминоти учун алимент тўловини вақтида тўламагани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳақида МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2020 йил 6 мартдаги қарорига асосан қарздор М.Н.дан ундирувчи Н.Р. фойдасига 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати МИБнинг Деҳқонобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва шу ижро иши юритуви қўзғатилган. Қарздорнинг мамлакатдан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида аниқланишича, ўтган вақт мобайнида қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлса-да, алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб юрган. Қарздорлик салкам 13 млн сўмга етган.

Шу сабабли, фарзандлар таъминотини ўйламаган масъулиятсиз отага жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ чораси қўлланилди.
 

Мавзуга оид