«Охирги умидим сиздан...» — қирғизистонлик она нега Танзила Норбоевага мурожаат қилди?
Андижонга келин бўлиб тушган Шоирахон Эгамова 30 йилдан буён фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаяпти. Паспорти йўқлиги учун 10 йилдан бери бор-йўғи 100 км нарида, Қирғизистонда яшовчи кекса онасини кўргани бора олмайди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманида яшовчи 75 ёшли она Чинихон Эралиева ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллади.
Чинихон она ўз мурожаатида қизи Шоирахон Эгамовани 1990 йили Андижон вилояти Избоскан туманига узатгани, қизи шу пайтгача уч фарзандни камолга етказиб, невара кўрган бўлса-да, ҳалигача Ўзбекистон фуқароси паспортини ололмаётгани ҳақида куюниб ёзган.
«Шоирахон қизим ўн йилдирки, «фуқаролиги бўлмаган шахс» (ФБШ) мақомида бўлгани учун Қирғизистонга – она юртига ўта олмайди. Чунки, паспорти йўқ. Юраги хаста. Сиздан паспорт муаммосини ҳал қилиб беришни илтимос қиламиз.
Мен эса қизимни кўришга зор бўлиб, Қирғизистонда яшаяпман. Ёшим 80га бориб қолди. Қизим ҳам мени, ака-ука, опа-сингилларини кўришга интизор. Қани эди қизим ҳам ота юртига келиб, соғинчини ёзиб кетса.
2017 йили қизим барча ҳужжатларини тўғрилаб, Избоскан тумани маркази – Пойтуғ шаҳридаги «паспорт столи» ходимларига берган. Ҳужжатларни қабул қилган ходимлар тегишли қоғозларнинг барчаси тўғри эканини айтишган, тегишли давлат тўловлари ҳам тўланган. Тўрт йилдан бери паспортдан дарак йўқ.
Ходимлар ҳар сафар «кейинги ойда бўлиб қолар» деган жавоб беришмоқда. Уларни айбламоқчи эмасмиз, лекин бошқаларга берилаётган паспорт нега 4 йилдан бери менинг қизимга тегмаётганини тушунмаяпмиз. Қизим билан бири-биримизни кўришга зормиз. Фақат телефонда гаплашяпмиз.
Охирги умид билан ёзган мурожаатимга беэътибор бўлмайсиз, дея умид қиламан», дея Сенат раисига мурожаат қилган Чинихон она Эралиева.
Kun.uz мухбири 30 йилдан бери фуқаролиги йўқ фуқаро мақомида яшаётган Шоирахон Эгамова билан суҳбатлашиш учун Избоскан туманига борди.
«Неча йиллардан бери қимтиниб, ўксиниб яшайман»
«Избосканга 1990 йил август ойида келин бўлиб тушганман. Олдин совет паспортига эга эдим, чегарадан бемалол ўтиб ота-онамни кўриб келардим. Мустақилликдан кейин бизга фуқаролиги бўлмаган шахс мақоми берилди. Уч фарзанд кўрдим, ЗАГС қоғозим борлиги учун уларга метрика олдик.
2010 йилдан бери ота уйимга бора олмай қолдим. Қирғизистон ФБШ ҳужжати билан чегарадан ўтказмай қўйди. Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери қандай янги қарорлар чиқади, нима янгиликлар бўлади, паспорт тўғрисида гапириладими, деб телевизордан кўз узмай кутиб ўтираман.
Мен яна мурожаат билан чиқдим. Яна 2017 йилда ҳужжат топширдим. Натижа йўқ», – дейди Шоира Эгамова.
30 йилдан бери Ўзбекистонда яшаб, ҳалигача фуқаролик паспортини ололмаган Шоира Эгамованинг эри 2007 йили оламдан ўтган. Аёл боши билан қиз чиқарди, ўғил уйлади, набиралик ҳам бўлди. Лекин, ҳалигача фуқаролик ҳужжатига эга бўлгани йўқ.
«Мен сайловларда қатнаша олмаганимдан армон қиламан. Кундалик ҳаётда ўзимизнинг тумандош одамлар билан ҳам дадил мулоқотга кириша олмайман. Худди улар «Сиз ФБШмисиз?» дейдигандек доим ҳадиксираб муомала қиламан.
Бир ойча бўлиб қолди, сайловга рўйхат олиб юрганлар келишиб, «Уйдаги паспортларингизни олиб чиқинг», дейишди. Паспортимни кўриб, «Опа, сиз сайлаш ҳуқуқига эга эмассиз», дея чиқиб кетишди. Жуда эзилиб кетдим. 30 йилдан бери фуқаро бўлолмаётганимга қийналаман.
Болаларим фуқаро бўлиб, паспорт олган. Кўчада юрганда, қўшниларимиз билан ўтиришларимизда, «Бу кишим ФБШ» дейишади. Улар ҳазил қилишади, лекин шу гап ҳам менга оғир ботади.
Мен юрт соғинчини сизга айтиб тушунтира олмасам керак. 2009 йилдан бери юртимга ўта олмайман. Сиз шу юртнинг боласисиз-да, соғинч нималигини билмайсиз. Ҳаммаси шу ерда. Маҳаллангиз бор, синфдошларингиз шу ерда, ҳаммаси билан юзма-юз гаплаша оласиз.
Маҳалламизда кўчамизнинг бошида скважина бўларди, ундан сув чиқар эди. Ўша скважинани ҳам соғинганман. Унинг тепасида бир туп мажнунтол бўларди, уни ҳам соғинганман-да. Буни онамга ҳам айтаман. Онам илгари келиб турарди. Икки-уч марталаб операция бўлди, шу боис ҳозир келолмайди. Ака-укаларим келиб туради. Йиғлагим келиб кетади-да гапирсам.
Онамни кўргани бора олмаганим алам қилиб кетади. Онам беш-олти марта касалхонада ётиб, операция бўлди. Ёнида мендан бошқа болалари ҳам бор, лекин мен ҳам фарзандман. Болалигим ўтган маҳалламни кўргим келяпти.
Болаларим ҳаммаси – Ўзбекистон фуқаролари. Худо хоҳласа, яна 12-13 йилдан кейин набираларим ҳам фуқаролик паспорти олишади.
Менга нима учун фуқаролик берилмаётганига ҳайронман. Айбим борми, нимада хато қилганман, жўнатган ҳужжатларим қайси қарорга тўғри келмай қолди? Жиноят қилмаган бўлсам. Мен ҳеч қандай диний оқимларга ҳам қўшилмаганман.
Онам Танзила Норбоевага арз қилиб чиқди. Онамни 11 йилдан бери бориб кўролмайман. Телефонда гаплашиб тураман. Онамни бағримга босишни хоҳлайман. Шуларни соғиндим. Бу туйғуларни сизга тушунтириб беролмайман.
«Паспорт столи»дагиларга ҳужжат топширганимга 4 йил бўлган бўлса, мен шу кунгача камида 400 марта телефон қилгандирман. «Мени фуқаролигим нима бўляпти», деб мурожаат қилавериб уларни ҳам зада қилиб юбордим. ФБШ қўшниларим яқинда фуқаролик паспорти олди. Роса эзилдим», – дейди Шоира Эгамова.
Она-бола телефон орқали видеоалоқага чиқиб, йиғлаб суҳбатлашишди. Бу жараённи кузатишнинг ўзи қийин эди.
«Паспорт бериш масаласини Президент администрациясидаги махсус комиссия кўриб чиқади, бу бизнинг ваколатимизда эмас»
Избоскан тумани Ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, бўлим бошлиғи Отабек Эргашевдан Шоира Эгамованинг муаммоси юзасидан изоҳ сўрадик.
Отабек Эргашев видеокамера қаршисида интервью бермаслигини қайта-қайта таъкидлади. «Бизга юқоридан шунақа буйруқ келган. Интервью бера олмайман», деди мутасадди. Андижон вилоят ИИБга алоқага чиққанимиздан сўнгина О. Эргашев оғзаки изоҳ бериши ва унинг овозини диктофонга ёзиб олишимиз мумкинлигини айтди.
«Паспорт столи» бошлиғи ҳақиқатда бундан тўрт йил олдин фуқаро Шоира Эгамова бўлимга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш бўйича ариза билан мурожаат қилгани, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун юқори ташкилотларга жўнатилганини билдирди.
Биз бўлим бошлиғига: «Шоира Эгамова ҳужжатларини 2017 йилда топширган бўлса, нега шу пайтгача фуқаролик олиши кечикяпти? Ундан кейин ариза топширганлар ҳам паспорт олиб бўлибди. Бу аёлнинг ҳужжати кечикаётганини сабаби нимада деб ўйлайсиз?» деган саволни бердик.
«Очиғини айтсам, сабабини мен билмайман, чунки фуқаролик бериш менинг ваколатимда эмас. Ариза Президент администрациясидаги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади ва президент фармони билан фуқаролик берилади. Биз ҳужжатларни камчиликларсиз жўнатганмиз. Камчилик бўлса, камчиликларни бартараф қилиш учун бизга қайтариб юборилган бўлар эди», дейди Отабек Эргашев.
Эътиборлиси, Шоира Эгамова «4 йил давомида «паспорт столи»га камида 100 марта мурожаат қилганман», деган бўлса, «паспорт столи» бўлим бошлиғи унинг муаммо юзасидан умуман арз қилмаганини айтди.
Мақоламиз сўнгида, бор-йўғи 100 километр масофада яшаб, қизининг дийдорига зор ўтаётган жалолободлик онанинг Сенат раиси Танзила Норбоевага мурожаати ижобий якун топишига умид билдириб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов
Мавзуга оид
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024