Жобир Абдуллаев Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш бўйича масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Янги Наманган тумани ҳокимлигига шу пайтга қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири бўлиб ишлаб келган Жобир Абдуллаев номзодини таклиф қилди.
Депутатлар ва фаоллар номзод юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Номзод улар томонидан маъқуланди.
Маълумот учун: Жобир Абдуллаев 1984 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2005 ва 2008 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика институтини муҳандис-қурувчи ва муҳандис-энергетик йўналишларида тамомлаган.
2008–2019 йиллар давомида “Наманган электр тармоқлари” очиқ акциядорлик жамиятида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.
2019–2020 йилларда Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.
Жобир Абдуллаев 2020 йилдан то шу кунга қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири сифатида фаолият юритиб келган.