Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани сабабли стратегик трасса ёпилди
Маълумот берилишича, Боткен областидаги Оқ-Сой, Оқ-Татир ва Самарқандек қишлоқларида махсус режим жорий этилган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани сабабли Ўш-Боткен–Исфана стратегик трассаси ёпилди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Омурбек Суваналиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда, вазият кескин. Низо кучайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Тожикистон томони билан музокаралар мунтазам равишда олиб борилмоқда.
"Чегараолди ҳудудида вазият барқарорлашди, дейишдан йироқмиз. Одамлар асабий. Пандемия сабабли чегаралар ёпилган, чегараолди савдоси тўхтаган, шунинг учун видеокамера ўрнатиш билан боғлиқ воқеа шундай низога айланиб кетган", - деди Суваналиев.
Маълумот берилишича, Боткен областидаги Оқ-Сой, Оқ-Татир ва Самарқандек қишлоқларида махсус режим жорий этилган.
28 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги маҳаллий аҳоли иштирокида можаро юз берди. Маълумотларга кўра, можарога Тожикистон томонининг чегараолди ҳудуди «Бош сув тақсимлагич» деб номланган қисмидаги электр узатиш линияси устунларида видеокузатув камераларини ўрнатишни бошлагани сабаб бўлган. Бироқ Қирғизистон ушбу ҳудудни баҳсли деб ҳисоблайди.
Қирғизистоннинг воқеа жойига келган чегара отряди ва Боткен области ички ишлар бўлими ходимлари камераларни ўрнатиш бўйича ишларни тўхтатишни талаб қилишган. Бироқ икки давлат чегарачилари келиша олмагач, икки томондан 150га яқин одам тўпланиб, бир-бирларига тош улоқтира бошлашган.
Қирғизистон томонининг хабар беришича, 3 нафар қирғизистонлик жароҳат олган. Ўз навбатида, Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасида маълум қилинишича, можаро 7 нафар тожик фуқароси жабрланишига сабаб бўлган.
Мавзуга оид
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024