Ўзбекистон | 14:33 / 02.05.2021
17140
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистонга мобил кислород концентраторлари тўпламлари ва турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик ёрдамини юборди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, 1 май куни Ҳиндистонга инсонпарварлик кўмаги етказилди.

«Дунё» АА хабарига кўра, мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик юклари Деҳли аэропортида мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов томонидан Ҳиндистон Қизил Хоч жамияти ва Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилларига топширилди.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Евроосиё Департаменти директори ўринбосари Бандару Вилсонбабу Ҳиндистондаги жорий санитар-эпидемиологик ҳолат кескин оғирлашган бир вақтда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юбориш ҳақида қарор қабул қилингани Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканини намойиш этиш билан бирга Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд стратегик шерикчилик алоқаларининг амалдаги яққол исботи эканини эътироф этди.

«Бугун дўст ва биродар Ўзбекистон ҳукумати томонидан жўнатилган инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олмоқдамиз. Ўзбекистон ва Ҳиндистон азал-азалдан яқин қўшни, синалган дўст ва ҳамкор давлатлар ҳисобланади. Мамлакатларимиз анъанавий равишда турли масалаларда бир бирини доимо қўллаб-қувватлаб келган ва бугун ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами халқларимизнинг самимий дўстлиги, бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукуматига ушбу мураккаб ва оғир дамларда ҳинд халқига кўрсатилган олийжаноб кўмак учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз», деди Ҳиндистон вакили.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳиндистон ҳукуматига ўз вақтида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бу оғир дамда фавқулодда ёрдам сифатида юборилган материалларни самимий хайрихоҳлик белгиси ўрнида қадрлашини маълум қилди. Пандемия инқирози даврида гуманитар ҳамкорлик Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон 2020 йилда Ўзбекистонга COVID-19 билан оғриган одамларни даволаш учун ишлатиладиган тиббий препаратлар, жумладан, гидроксиклорокин таблеткалари ва бошқа дори-дармонлар юборган эди. 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистон COVAX ташаббуси доирасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 660 минг доза CoviShield (AstraZeneca) вакцинасини қабул қилиб олди.

Мавзуга оид