Жамият | 21:00 / 03.05.2021
8659
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари вакцина қабул қилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев 3 май куни коронавирус инфекциясига қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

«Аҳолини оммавий эмлаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мана, мен ҳам коронавирусга қарши вакцина билан эмландим. Бу билан ўзим, оила аъзоларимнинг саломатлигини ҳимоя қилишим мумкин», деган Баҳодир Юсупалиев.

Айни пайтгача Ўзбекистонда вирусга қарши эмланган фуқаролар сони 856 мингдан ошган.

Ўзбекистонда оммавий эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарлардан бошланганди. Дастлабки босқичда 65 ёшдан катталар, сурункали касаллиги борлар, тиббиёт ва таълим муассасалари (мактаб ва боғча) ходимлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари эмланганди.

Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатлами эмланади. Бу ойдан вакцина қабул қилувчилар тоифаси ҳам кенгайтирилган.

 

Мавзуга оид