Жаҳон | 22:29 / 04.05.2021
5160
1 дақиқада ўқилади

Бразилияда болалар боғчасига ҳужумда 3 бола ва 2 тарбиячи ҳалок бўлди

Бразилиянинг Саудадис муниципалитетида (Санта-Катарина штати) болалар боғчасига ҳужум қилиниши оқибатида 2 тарбиячи ва 3 бола ҳалок бўлди.

Фото: Felipe Eduardo / Rádio Centro Oeste

Folha de S.Paulo нашри маълумотларига кўра, полицияга ҳужум ҳақида биринчи хабарлар маҳаллий вақт билан соат 10:30 атрофида туша бошлаган. Ҳужумни мачете билан қуролланган 18 ёшли ўсмир содир этган. У воқеа жойидан қочишга уриниш вақтида маҳаллий аҳоли томонидан ушланган. Ўсмир қўлга олиниш вақтида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Ҳужум вақтида 1,5 ёшдан 3 ёшгача болаларга мўлжалланган боғчада 30га яқин тарбияланувчи бўлган. Боғча ходимларининг хатти-ҳаракатлари туфайли кўпроқ қурбонларга йўл қўймасликка муваффақ бўлинган. Улар болалар билан бирга хоналарда қулфланиб олишган.

Ўсмирнинг бундай хатти-ҳаракатларни содир этиши сабаблари номаълумлигича қолмоқда.

Воқеа муносабати билан штатда 3 кунлик мотам эълон қилинган.

Аввалроқ шундай ҳужум Хитойда содир этилганди. Гуанси-Чжуан мухтор районидаги болалар боғчасига пичоқ билан қуролланган эркак ҳужум қилиши оқибатида 16 нафар бола ва 2 тарбиячи жароҳатланганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид