Янги Андижон шаҳарчаси қурилиши бошланди
411 минг аҳолига мўлжалланган Янги Андижон турар жой массиви қурилиши бошланди. Kun.uz мухбири қурилиш бошланган жойдан хабар беришича, биринчи босқичда 60 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча ва поликлиника Мустақиллик байрамига қадар қуриб битказилиши режа қилинмоқда.
Янги Андижон массивининг бош режаси апрел ойда президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган эди.
Андижон тумани адирликлари устига тушаётган, умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.
Шаҳарчанинг қурилиш штабида Андижон вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Иброҳимжон Холматов билан суҳбатлашдик.
«Андижон туманидаги Истиқлол массивидан 4 минг гектар ер майдони ажратилиб, лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган. Бундай лойиҳалар биз учун янгилик бўлгани сабаб Вазирлар Маҳкамаси ва Қурилиш вазирлиги билан бирга ишлаяпмиз. Бош режа Туркия лойиҳачилари томонидан ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, бу ерда 5-7 қаватли бўлган уй-жойлар, инфраструктура тизимлари, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш вазифаси олдимизда турибди.
Турк лойиҳачилари режасига асосан, 4 минг гектар майдонда қурилиш ишлари 8 та босқич бўйича олиб борилади.
Биринчи босқичда ишлар 718 гектарда ташкил қилинади. 718 гектардан 42 гектарини танлаб олиб, шу жойда алоҳида уй-жойлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ер ишларини бошлаб юбордик.
Бундан ташқари, бу жойга биз биринчи навбатда муҳандислик-коммуникация тармоқларини олиб келишимиз керак. Ичимлик суви масаласи, оқова сувни олиб чиқиб кетиш, электр ва табиий газ билан таъминлаш, йўл инфратузилмасини барпо этиш, яъни мавжуд йўлларни капитал таъмирлаш ва янгиларини қуриш вазифалари олдимизда турибди.
Қурилиш майдони 718 гектар ерни ўз ичига камраб олган. Мана шу 718 гектар ер 8 та фазага бўлинган.
Биз битта фазасини ўзимизга мақсад қилиб биринчи навбатга қўйиб олдик. Бу 42 гектар ерни ташкил қиляпти. Бу жойда 5 ва 6 қаватли 60 та уй-жой, мактаб, боғча ва поликлиника барпо этилиши мўлжалланган.
Мактаб 650 нафар ўқувчига, боғча 300 нафар тарбияланувчига, поликлиника эса 200 беморга мўлжалланган. Уларни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланадиган санагача битиришга ҳаракат қиляпмиз.
Умумий ер майдонини ва қурилиш жараёнларини эътиборга олсак, бу ерда 20-30 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.
4 минг гектардаги 8 босқичли лойиҳа 10 йилга мўлжалланган дастур десак тўғри бўлади. Кўз олдимизга келтирсак, ҳозирги Андижон шаҳри ёнида яна битта янги Андижон шаҳри пайдо бўляпти», – дейди Иброҳимжон Холматов.
Мавзуга оид
08:58 / 27.07.2021
«Янги Андижон» шаҳрини қуриш учун 4 минг гектар ер майдони ажратилади
07:55 / 29.06.2021
«Янги Андижон» шаҳарчасини барпо этиш учун 100 млн доллар ажратилади
12:11 / 18.06.2021