Ўзбекистон | 17:08 / 08.05.2021
25821
2 дақиқада ўқилади

«ОКМКни ишончли бошқарувга беришдек хатони бошқа такрорламаслик керак» — Отабек Бакиров

Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи рақамли экспорт товарлари – олтин ва мис сезиларли қимматлагач, иқтисодчи Отабек Бакиров стратегик аҳамиятга эга ОКМКни қайтиб ишончли бошқарувга бермаслик кераклиги ҳақида фикр билдирди.

Отабек Бакиров / Фото: Kun.uz

«Ўтаётган ҳафта Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари ҳисобланган олтин ва мис учун жудаям қулай келди.

Олтин унцияси ҳафта давомида деярли 4 фоизга қимматлаб, 1830 долларга, миснинг тоннаси эса ҳафта давомида 5 фоиздан кўпроққа қимматлаб 10425 долларга етган. Миснинг нархи охирги 15 йилдаги максимумдир. Турли прогнозларга кўра, мис нархи яқин йилларда 20 000 долларга чиқиши айтилмоқда.

Олтин Ўзбекистоннинг бошидаги тож – Навоий кон-металлургия комбинатининг, мис эса мамлакатнинг иккинчи таянчи Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг асосий маҳсулоти.

Мис ишлаб чиқариш жараёни / Фото: ОКМК Ахборот хизмати

Ўтган йиллар давомида ОКМКни ишончли бошқарувга бериш бўйича аччиқ тажрибага эга бўлдик.

Бу йўқотишлар ва хато тажриба охиргиси бўлсин. Четдан кириб келган ва мамлакатниям сотиб юборишга тайёр бўлган ебтўймас олигархия турли йўллар билан бу икки комбинатни қўлга киритишга анчадан буён кўз тикиб, тамшаниб ётибди. Гибрид уринишлар тўхтагани йўқ. Рангли металлар нархи ошиб бораётгани бу уринишларни яна фаоллаштиради.

НКМК ва ОКМКнинг қўлдан кетиши мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини қуруқ фасадга айлантиради. Мустақил пул-кредит сиёсати, бюджет барқарорлиги ҳақида унутишга тўғри келади. Барча масалалар бўйича мамлакат ташқи бошқарув субъектига айланади, қўяди», – дея хавотир билдирган иқтисодчи.

Маълумот ўрнида, 2017 йилда «Олмалиқ КМК», «Ўзметкомбинат» ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» AЖлар бошқаруви «SFI Management Group»га топширилганди. 2021 йил 17 февралдан ушбу келишувлар бекор қилинди.

Апрел ойида эса «SFI Management Group» «Ёшлик-I» конини ўзлаштириш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича иштирокчилар рўйхатидан чиқарилди.

Мавзуга оид