Жаҳон | 11:12 / 09.05.2021
14838
2 дақиқада ўқилади

Данияда коронавирус сабабли кўмилган 4 миллион қоракўзан қайта кавлаб олинади 

Фото: РИА Новости

Данияда организмида коронавируснинг одамларга юқиш хавфига эга бўлган мутацияси аниқлангани сабабли 2020 йилда кўмиб юборилган 4 млн қоракўзан қайта кавлаб олинади. Аниқланишича, ушбу жонзотлар жасадларининг чириш маҳсулотлари ичимлик суви манбалари ва кўлни ифлослантирмоқда

“Жараён вақтида яқин орада яшовчи аҳоли ўткир чиринди ҳидини ҳис қилиши мумкин. Биз бундай муаммога ҳеч ҳам дуч келмагандик”, деб айтган Дания атроф-муҳит вазирлиги вакили Ян Рейс. 

2020 йилда Данияда етиштирилувчи қоракўзанларда коронавирус аниқлангани сабабли уларнинг 15 миллионтаси йўқ қилинганди. Шу билан бирга, иккита ҳарбий полигонда кўмилган 4 миллионта қоракўзан чириш вақтида ҳосил бўлган газлар сабабли кейинчалик ер сиртига чиқиб қолган. 

Мамлакат парламенти коракўзанлар жасадини кавлаб олиш ва ёқиб юборишга қарор қилди. Таъкидланишича, ушбу жараён 2 ойга яқин вақт олади. Маҳаллий аҳолига бу вақтда уйлари ойналарини очмаслик ва ювилган кирни кўчага осмаслик тавсия қилинган. 

Айни вақтда Данияда 2022 йил бошигача қоракўзанлар етиштириш тақиқлаб қўйилган. Еврокомиссия коракўзанлар етиштирувчи фермаларга 2 млрд евро компенсация тўлашга ваъда берган.  

Кейинчалик Дания ҳукумати қоракўзанларни ёппасига йўқ қилиш қарори нотўғри бўлганини тан олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид