Жаҳон | 03:04 / 13.05.2021
5690
3 дақиқада ўқилади

Норвегия AstraZeneca вакцинасини қўллашдан воз кечди

Фото: Reuters

AstraZeneca британ-швед компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси Норвегияда аҳолини эмлашда қўлланмайдиган бўлди. Бу ҳақда Норвегия бош вазири Эрна Сулберг маълум қилди.

«AstraZeneca вакцинаси эмлаш дастуридан тўлиқ чиқарилди», деб маълум қилган бош вазир матбуот анжуманида.

Сулберг Johnson & Johnson компаниясининг Janssen вакцинасини қўллаш бўйича алоҳида қарор қабул қилинишини қўшимча қилган. Унинг таъкидлашича, ҳукумат «коронавирус авж олиши ҳолатига кўпроқ вакцина керак бўлиб қолиши эҳтимоли сабаб Janssen’ни ҳозирча омборларда қолдирмоқчи».

Бош вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқида 11 мартда қўллаш учун маъқулланган Janssen вакцинаси Норвегияда ҳали қўлланмаган, чунки ушбу вакцинанинг тромб ҳосил қилиши мумкинлиги янада кўпроқ ўрганилиши лозим.

Сулбергнинг айтишича, мамлакатда 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганларга эмлаш аввал тахмин қилингандан эртароқ таклиф қилинади. Улар 40 ёшдан 44 ёшгача бўлган фуқаролар билан бирга эмланишлари мумкин бўлади. Бу қарор ёшлар инфекциянинг тарқалишига кўпроқ сабабчи бўлаётгани билан боғланган. Бош вазирнинг маълум қилишича, мамлакатда ёшлар ўртасида энг кўп касалланганлар қайд қилинган.

25 ёшдан 39 ёшгача кишилар эса охирги навбатда эмланади. Ҳукумат режасига кўра, 18 ёшдан катта барча фуқароларга вакцинанинг биринчи дозаси июл охири — август бошида таклиф қилинади.

Сулберг ҳозирда мамлакатда 1,5 млн киши вакцинанинг биринчи дозасини олгани, 500 минг киши эса тўлиқ эмланганини маълум қилган.

10 май куни Норвегия ҳукуматидаги экспертлар гуруҳи AstraZeneca ва Johnson&Johnson вакциналарини эмлаш дастуридан чиқариб юборишни тавсия қилган. Шу билан бирга, улар хоҳловчиларга бу вакциналар билан эмланиш имкониятини сақлаб қолишни таклиф қилишган.

Норвегиядан ташқари Швеция, Словакия ва Франция ҳам AstraZeneca’ни қўллашдан воз кечди. Бунга ушбу вакцина билан эмланганларда тромблар ҳосил бўлиши мумкинлиги сабаб бўлган. 7 май куни Францияда ушбу вакцина билан эмланган икки кишида кам учровчи мия тромбози қайд қилинган. Бунинг оқибатида улардан бири — 60 ёшли аёл вафот этган.

Мавзуга оид