Ўзбекистон | 10:27 / 14.05.2021
13950
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ХIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган масжид аниқланди

Қоракўл туманида илк архитектура ёдгорлиги – маданий мерос объекти аниқланди. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қоракўл туманидаги “Шўработ” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг мурожаатига асосан маҳалла ҳудудида жойлашган қадимги масжид биноси Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан жойида ўрганилди.

Масжид биноси ХIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1884-85 йилларда маҳалла-гузар масжиди сифатида қурилган бўлиб, уч асрлик тарихга эга. Масжид ёғоч конструкцияли бўлиб, квадрат шаклли бир устунли, ўймакори тўсин ва васса ёпилган. Устун, тўсин ва “боғдоди” эшиклари ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. “Г” ҳарфи шаклидаги етти устунли айвони ҳозирда сақланмаган, унинг ўрнида ХХ аср охирларида қурилган айвон мавжуд. 

Билдирилишича, ҳозирги кунда ушбу масжидда қишлоқ кутубхонаси (Қоракўл тумани кутубхонаси филиали) жойлашган.

Шунингдек, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Бадиий экспертиза бўлими бошлиғи томонидан маҳалла раиси, қишлоқ оқсоқоли, “Қадимги Пойкент шаҳри тарихи” музейи директори иштирокида илмий ўрганиш ишлари ўтказилди. Натижада, масжид устунига ўйиб ёзилган тарихий ёзув, араб алифбоси асосидаги форс тилида насталиҳ хатидаги ёзув экани ва у қуйидаги мазмунга эга эканлиги аниқланди: 

форс тилида “Ин масжидро бино кард Рўзибой ибн Ғайбуллобой 1304” яъни, “Бу масжид Ғайбуллобой ўғли Рўзибой томонидан ҳижрий 1304 йилда қурдирилган” деган сўзлар ёзилган. 

“Ушбу ёзувлар асосида хулоса қилиб айтганда, мазкур масжид тарихий ва бадиий қийматга эга эканини инобатга олиб, уни моддий маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид