Ўзбекистонда пойабзал маҳсулотига асиллик ёрлиғини жорий қилиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда ҳар бир пойабзалнинг сифати ва асиллик даражасини аниқлаш имкони жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси хабар берди.
Қайд этилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, “СRPT Turon” МЧЖ томонидан чарм-пойабзал маҳсулотлари учун асиллик белгиси миллий тизимини жорий қилиш бўйича 100дан ортиқ корхоналар учун онлайн мулоқот ташкил этилди.
Билдирилишича, Европада пойабзалларни маркалаш тизими бундан ўн йил олдин бошланган. Айни вақтда ушбу тизим ўз самарасини бериб келмоқда. Россия эса 2018 йилдан маҳсулотларни рақамли маркалаш тизимига ўтган.
“Ўзбекистонда эса 2021 йилнинг 1 январидан асиллик белгиси миллий тизими жорий қилиниб, айни вақтда икки турдаги маҳсулотлар рақамли тарзда маркаланмоқда. Келгусида айнан пойабзалларни ҳам ушбу тизим орқали штрихлаш кўзда тутилган.
“CRPT Turon” МЧЖ рақамли иқтисодиётда экспертлик ва технологик кўмак бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мақсад истеъмолчи, бизнес ва давлат ўртасида ягона манфаатли алоқаларни жорий қилишдир. Айнан “Asl belgisi” миллий тизими мамлакатимизда сохта ва контрафакт маҳсулотларнинг камайишига олиб келади. Ҳар бир штрих код маҳсулотнинг сифат ва асиллигини белгиловчи омил саналади”, дейилади хабарда.
Маҳсулотларни рақамли маркалаш нима беради? Бу харидор учун маҳсулотнинг асиллик белгисини, у ишлаб чиқарилган давлат, мазкур маҳсулот учун қўлланилган хомашё, саломатлик учун таъсири, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотларни кузатиш имконини беради.
Тадбиркорлар ушбу тизимидан фойдаланиши эса пойабзал ишлаб чиқаришда сифатга алоҳида эътибор қаратиш, ўз брендини ҳимоя қилиш имконини яратади. Шунингдек, айни бренднинг сифатсиз контрафакт аналоглари республикага олиб кирилиши ва олиб чиқилиши устидан қатъий назорат кучайтирилади. Бу тармоқда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради, сифатли маҳсулотларнинг кўпайишига олиб келади.
Учрашувда “CRPT Turon” МЧЖ мутахассислари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси вакиллари соҳа тадбиркорларига айнан рақамли маркалаш жараёни, талаб этиладиган ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди. Рақамли маркалаш тизимини ўз маҳсулотларига нисбатан қўллаш истагидаги тадбиркорларга миллий тизимда рўйхатдан ўтиш тартиби тушунтирилди.
Давлат солиқ қўмитаси вакилларининг маълумотида таъкидланишича, пойабзалларни рақамли маркалаш солиқ тушумлари ва даромад солиқларини ҳисоблаш борасидаги жараёнларда тадбиркорга ҳам, давлатга ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
Мавзуга оид
15:15 / 20.09.2023
Ўзбекистон АҚШга мактаб пойабзаллари етказиб беради
08:23 / 16.09.2022
Хитой Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириши мумкин
08:35 / 26.03.2022
Чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади
01:57 / 05.06.2020