Иқтисодиёт | 14:06 / 20.05.2021
11355
5 дақиқада ўқилади

Криптовалюталар қиймати кескин пасайди

Чоршанба куни биткоин 30 фоизга пасайиб, қиймати 30 минг долларни ташкил қилди. Унга бошқа криптовалюталар ҳам эргашиб, кескин тушиш тенденциясини намоён қилди. Таҳлилчилар бунга асосан, иккита сабабни келтирмоқда.

Сўнгги бир ҳафта давомида биткоин (БТC) сезиларли даражада тушиб кетди ва тушиш чоршанба куни эрталабдан яна давом этди. Биткоин учун бу февралдан буён энг ёмон пасайиш деб қаралмоқда.  

Криптовалюталар билан вазият қандай?

Ўтган ҳафта биткоин нархи сезиларли даражада пасайиб, 59,500 доллардан энг паст даражага – 43,825 долларга тушди. Бу феврал ойидан бери нархларнинг энг паст даражасидир.

Энг оммабоп ва қимматбаҳо токен бўлган биткоин чоршанба куни эрталабки савдоларда 20 фоиздан кўпроққа тушиб кетди. У январ ойидан бери кузатилмаган даражадан энг пастга чўкди. Бошқа криптовалюталар унга эргашди. Бу йил астрономик ўсишдан баҳраманд бўлган догекоин сармоядорлари 10 минг фоиз ошишдан сўнг, айниқса кучли зарбага учрашди. Догекоин 30 фоизга тушиб кетди.

Чоршанба куни биткоин уч ойлик энг паст кўрсаткич – 30 фоиздан кўпроққа тушиб кетиб, унинг қиймати тахминан 30,000 долларни ташкил қилди. Ethereum блокчейн тармоғи учун асосий криптовалюта бўлган Ether ҳам кескин – 2000 доллардан пастга тушди, бу 24 соат вақт ичида 40 фоиздан кўпроқ пасайиш бўлди.

Биткоин ва бошқа криптовалюталарнинг кескин пасайишига нима сабаб бўлди?

Биткоин ва бошқа криптовалюталарнинг кескин пасайиши Тесла бош директори Илон Маскнинг криптовалюталардан фойдаланмасликни маълум қилгани ва Хитой ҳукуматининг баёноти билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб қаралмоқда.  

Тесла қазиб олинадиган ёқилғи, шу жумладан, кўмирдан фойдаланиш тобора кўпайиб бораётганлиги сабабли биткоин орқали электромобилларни сотиб олиш имкониятини тўхтатди. Компания криптовалюта билан савдо операцияларини амалга оширмасликка ваъда берди. Бу ҳақда Илон Маск ўзининг Тwitter’даги саҳифасида маълум қилганди.

«Криптовалюталар балки яхши ғоя, биз уларнинг истиқболли келажагига ишонамиз, аммо бу атроф-муҳит учун қимматга тушиши керак эмас», — деб ёзди Маск бир ҳафта олдин.

Компания ишлаб чиқариш янада экологик тоза энергия манбаларига ўтгунига қадар биткоинлардан фойдаланмасликни ва биткоинни энергия ва транзакция нисбатининг 1 фоиздан камроғини ишлатадиган бошқа криптовалюталарни ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Шунингдек, кеча Хитой ҳукумати криптоактивлар билан операцияларни амалга оширишни юқори даражада хавфли ва уларнинг нархи кескин кўтарилиб тушиб туриши хусусий фирма ёки компаниялар фаолиятига таъсир қилади, деган баёнот билан чиқди.

 Ҳукумат криптовалюталарнинг ҳақиқий қийматини тасдиқловчи ҳужжат йўқлиги ва шунинг учун доимий манипуляция объекти эканлигини ва ундан фойдаланган шартномалар Хитой қонуни билан ҳимояланмаганлигини эслатди. Хитой юридик шахсларга криптовалюта орқали операциялар амалга оширишни тақиқлади.

Кўплаб таҳлилчилар криптовалюталарнинг нархи бир ҳафта давомида тушиб келгани ва чоршанба куни қиймат янада ёмонроқ даражада пасайиб кетганини асосан шу икки сабаб билан изоҳламоқда.

Энди нима бўлади?

 BitXmi мутахассисларига кўра, биткоин шундай кескин тушиш билан ҳам ўтган йилги прогнозлардан юқори савдо қилмоқда ва йирик инвесторлар фойда билан чиқиб кетишади.

Криптовалюта котировкалари 20 март куни, 60 минг долларлик чизиқдан ошиб ўтиб кетолмагандан сўнг, кескин пасайишни бошлади. Бир ҳафта олдин ушбу актив тарихий максимал қиймати $ 61,8 мингдан юқори даражага кўтарилган эди.

Биткоин аллақачон максимал даражада тарихий савдони амалга оширмоқда, шунинг учун катта қийматда криптовалюта сотиб олганлар янада ўсишини кутмай, ўз даромадларини қисман тузатишни афзал кўришлари ажабланарли эмас, дейди таҳлилчилар. Энди бозорда кутилган ва классик вазият мавжуд: йирик инвесторлар вазиятдан фойда билан чиқиб, кичик ва ўрта сармоядорлар туфайли даромадларини шакллантирадилар.

Биткоин ўзининг қисқа муддатли салоҳиятини деярли тугатди ва энди актив яна ўсиши учун қўшимча кучга эга драйверларга муҳтож, аммо ҳозирда бундай драйверлар йўқ. Шуни таъкидлаш керакки, асосий криптовалюта аллақачон ўтган йилги энг оптимистик прогнозлардан юқори савдо қилмоқда.

Мавзуга оид