Ғариб мактаблар муаммоси. Ечим қаерда?
Дунёда илм-фан ва технологиялар кўз илғамас даражада шиддат-ла ривожланмоқда. Ҳар куни ўнлаб кашфиётлар қилинмоқда. Инсонлар ҳатто коинотда ҳам ўрин топишга, унинг сирларини очишга бетиним интиляпти. Биз эса мактабларни таъмирлашдек энг бирламчи босқичлардан нарига ўта олмаяпмиз.
Нега биз ҳамон ривожланган давлатлар аллақачон босиб ўтган йўлга тушиб ололмаяпмиз?
Ҳар учта мактабдан бири таъмирталаб аҳволда
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, бугунги кунда республикада 3 мингдан ортиқ мактаб таъмирталаб, ўқувчиларга 1 миллион ўрин етишмайди. Шу сабаб 70 фоиз мактабда дарслар икки сменада ўтилади.
Биргина шу рақамларнинг ўзиёқ халқнинг пули – давлат бюджети тақсимотидаги мантиқсизлик ва масъулиятсизликни яққол кўрсатади. Ва эҳтимол, бўлган ва бўлаётган ўғриликлар кўламини ҳам.
Тўғри-да, минглаб мактаблар таъмирталаб, етарли шароити йўқ, президент айтганидек, кўриб тавба деб юборадиган даражада абгор бўлса, таълим сифатини ошириш ҳақида қандай гапириш мумкин?
Вазирга кўра, 3 мингта мактабнинг таъмири учун 37 триллион сўм керак. Бу – мамлакат иқтисодиётининг 6 фоизини ташкил этадиган пул. Бу – йиллар давомида мазкур йўналишга кам эътибор қаратилгани, ўнлаб ёки юзлаб самарасиз лойиҳаларга триллионлаб маблағ ажратиб, таълим сояда қолиб келгани, шундоғам кам ажратилган пуллар ҳам талон-торож бўлиб кетганининг оқибати.
Натижа – бугунги манзара: бир синфда 40талаб ўқувчи ўқиётган, спорт зал-у ошхонадан нишон ҳам йўқ ғариб мактаблар. Таъмир учун ота-оналардан мажбурий пул йиғишлар. Ота-онаси пул бермаган болаларнинг дарс вақтида сазойи қилиниши...
Таълим ва илм-фан ривожланмас экан, янги Ўзбекистон ғояси орзулигича қолаверади
Кузатувларимизга кўра, сўнгги вақтларда мактабларда ўқувчилардан таъмир учун пул йиғиш ҳолатлари яна кўпайган. Бунга ҳам бюджетдан ажратилаётган маблағ камлиги сабаб.
Савол туғилади, нега фуқаролар ҳам бир неча турдаги солиқларни тўлайди, ҳам мактаб таъмири учун яна пул беради? Мактаблардаги элементар муаммоларни қониқарли даражада бўлса-да ҳал этиш учун 30 йил нега камлик қилди?
Бунга ўнлаб омиллар таъсир кўрсатган ва бу давом этмоқда. Биринчи масала – ажратилаётган маблағларнинг етарли эмаслигида.
Масалан, 2021 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Халқ таълими вазирлигига 22 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Шундан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга 1,9 трлн сўм йўналтирилади.
Бундан чиқди, агарда ушбу пуллар фақат мактаблар таъмирига йўналтирилса, 3 мингта мактаб таъмирланиши учун яна 35 трлн сўм етишмайди. Умумий ҳисобда 3 мингта мактабни таъмирлашга йилига 200 млн доллардан маблағ ажратилган тақдирда ҳам уларни тўлиқ таъмирлашга 17-18 йил вақт кетади. Бу дегани камомад шу зайлда давом этса, ҳали ҳамма мактабга яхши шароит яратиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Гарчи охирги йилларда бу йўналишга маблағ ажратиш кўпайган бўлса-да, агар ишлар шу зайлда давом этса, биз ҳали анча вақт таъмирлаш ғамидан у ёққа ўта олмай юрамиз.
Қимматбаҳо лойиҳалар муҳимми ёки таълим?
Яқинда ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мактабларни таъмирлаш тизимида тўпланиб қолган муаммолар ҳақида гапирди.
«Ўтган 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан.
Учинчи ренессансга пойдевор қуряпмиз, деяпмиз. Агар маблағларни тўғри сарфлаб, келажагимиз бўлган мактабларга биринчи навбатда йўналтирмасак, китоби, шароити, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўймасак, ниятимизга эриша олмаймиз.
Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 триллион сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади – бунга жавоб йўқ. Бу – фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар. Шерматовни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партаси ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. [Соғлиқни сақлаш вазири] Ҳожибоевни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?» деди давлат раҳбари.
Умуман олганда, Ўзбекистон иқтисодиётида бюджет тақчиллиги ортиб бораётган бугунги кунда харажатлар нисбатини тўғри йўналтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Эътибор берилса, бугунги Ўзбекистон харажатларининг, шу жумладан ташқи қарзларнинг ҳам жуда катта қисми қурилишга йўналтирилган.
Масалан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари. Уларга 2021 йилда 31,5 трлн сўм ажратилиши маълум қилинди. Дастурдан жой олган маҳалла гузари, арзон дорихоналар, кичик истироҳат боғлари ва бошқа бир қатор ортиқча харажат талаб қиладиган лойиҳалар бюджет сарфини сезиларли оширади.
Яна айтайлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари. 3 йил давомида бюджетдан 600 мингдан зиёд аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 трлн сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилган. Аммо у пулларнинг катта қисмини бюджетга қайтариш қийин масалалардан бирига айланган.
Шунингдек, энергетика соҳасига йўналтирилаётган, ҳатто давлат ташқи қарзи эвазига ажратилаётган миллиардлаб долларлар ҳали аҳоли ҳаётида ижобий аксини тўла кўрсатганича йўқ.
Яқинда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътирозларига сабаб бўлган воқеалардан бири – Тошкентда 8,8 млн доллар эвазига мақом маркази қурилиши ҳақидаги хабар бўлди. Бунинг ҳам бугунги иқтисодий шароитимизда ортиқча қурилиш эканини кўпчилик тасдиқлайди.
Бундан ташқари, самарасиз ва кечиктирса ҳеч нарса ўзгармайдиган юзлаб қурилишлар борки, улар ҳам бюджет сарфи ортишига олиб келмоқда.
Кучсиз парламент бюджетни тўғри тақсимлай олмайди
Айтиш керакки, бюджет маблағлари қанчалик тўғри ва самарали сарфланаётгани – бугуннинг биринчи рақамли, энг муҳим масаласи.
Жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳар бир сўм қаёққа кетди ва қандай натижа берди, деган саволлар доимий янграб туриши ва жавоблар мунтазам олиниши асосий жараёнга айланиши зарур.
Маблағни белгиланган мақсадда тўғри сарфлашдан ташқари, уни тўғри тақсимот қилиш ҳам аҳамиятли. Афсуски, давлат бюджетини қаерга сарфлаш борасида ҳукумат амалда билганини қиляпти, депутатлар бу масалага катта таъсир ўтказа олмаяпти.
Бюджет қонун билан тасдиқланаётган бўлса-да, якуний қонун ҳукумат киритган лойиҳадан катта фарқ қилмаяпти. Бунда бир тарафдан ижро ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимиятдан сезиларли устун экани, иккинчи тарафдан депутатларнинг лоқайдлиги – уларнинг ҳаммаси ҳам масала долзарблигини англамаслиги муҳим рол ўйнаяпти.
Шу ўринда, адолатли депутатлик сайловлари – сиёсий ислоҳот масаласи муаммо илдизи ва ечим сифатида намоён бўлади.
Исломбек Умаралиев
Мавзуга оид
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022
Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти
18:48 / 15.10.2021
Икки кунлик рейдда мактаб ўқувчиларидан 338 нафари бозорларда ишлаётгани аниқланди
11:36 / 14.10.2021