Жамият | 14:31 / 25.05.2021
7198
3 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев: Қашқадарё ёшлари барча жабҳаларда биринчи бўлиши керак

Қашқадарё вилоятида “Ёшлар шоуси” ўтказилди.

Дастлаб Қарши шаҳрида янги барпо қилинган “Мономарказ” ҳамда “IT-технопарк”да йирик қурилиш ва нефт-газ компанияларининг «Ёшлар дафтари» рўйхатига киритилган, айни пайтда ишсиз бўлган ёшлар учун «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркалари ўтказилди.

Мазкур ярмаркада тўртта саноат корхонаси, жумладан, Муборак газни қайта ишлаш заводи, «Шўртаннефтгаз» ҳамда «Муборакнефтгаз» заводлари, шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуаси сингари компаниялар ҳамда Қарши шаҳридаги ва вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларидаги қирққа яқин қурилиш корхоналари 1200 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашдилар.

Учрашув ва ярмаркаларда «Ёшлар дафтари» рўйхатидаги 764 нафар ёшларнинг рўйхати шакллантирилди ва уларнинг бандлиги таъминланди.

Тадбир “Қашқадарё соҳили”нинг ёзги саҳнасидаги ёшлар шоуси концерт дастурига уланди.

Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ёшлар ва мактаб битирувчиларига мурожаат қилди. Ҳоким ёшларни жамиятнинг муҳим жабҳаларида касб танлашлари, бор имкониятларидан фойдаланишлари учун зарур маслаҳатларини берди.

“Ўзбекистон тарихида давлат раҳбарининг мактаб битирувчиларига табрик йўллаши бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат. Айтиш мумкинки, бу сизларнинг том маънода эртамиз эгалари эканлигингиз, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрнингизга ишора қилади.

Истардимки, Қашқадарё ёшлари барча жабҳаларда биринчи бўлиши керак. Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоят ёшларининг атиги беш фоизи олий таълимга қамраб олинган экан. Бу йил эллик фоиз ёшларимиз олий таълимда таҳсилни давом эттиришларини сўраб қолардим. Ўқишни давом эттирмаган ёшларимиз эса тадбиркорлик қилишлари, ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишларига умид билдирамиз. Ва бу борада қўлимиздан келган барча ишларни қилишга, сизларга шароит яратиб беришга ваъда берамиз”, деди Зойир Мирзаев.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Қашқадарёдаги ёшлар орасида муддатидан илгари хорижий ва маҳаллий олий таълим даргоҳлари талабаси бўлган ўқувчилар мавжуд. Масалан, Шаҳрисабз шаҳридаги 6-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Фирдавс Каримжонов WEBSTER университети, 15-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Руслан Жамолов WESMINISTR, INHA ва Turin YEOJU, Қарши шаҳридаги 11-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Жасур Очилов Британия университети, 44-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шуҳрат Йўлдошев Малайзия давлатининг Хиамен университети, шунингдек, спорт йўналишидаги эришган ютуқлари учун Касби тумани 40-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шоҳида Саидмуродова, Қарши шаҳрининг 11-мактаб 11-синф ўқувчиси Жонибек Беканчиев, 23-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Алишер Хайруллаев жисмоний тарбия ва спорт университетининг талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид