Жамият | 21:43 / 27.05.2021
20006
2 дақиқада ўқилади

Тўртта вилоятдаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан 14 та жиноят иши қўзғатилган

Давлат харидлари масаласида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар юзасидан Андижон, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида 14 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.

«Ўрганиш натижаларига кўра, тўртта вилоятда ҳам давлат харидлари, тендерлар ва манфаатлар тўқнашуви каби қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Булар бўйича 14 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ишлар тўхтаб қолмаган, тергов ҳаракатлари маълум бир вақтни талаб қилади. Биз тергов ҳаракатларига аралашишга ваколатимиз йўқ, якунлангач натижаси ҳақида албатта батафсил маълумот берилади.

Бизнинг қонунчилигимизда давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлса-да, бунга жавобгарлик ва масъулият масаласи очиқ қолган. Шунинг учун, агентлигимиз томонидан қонун даражасида манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи норматив ҳужжат ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Ўйлайманки, яқин кунларда бу лойиҳа ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Шундан сўнг биз кўп нарсани олдини олишимиз мумкин», – деди Акмал Бурҳонов 26 май кунги матбуот анжуманида.

Давлат буюртмалари ва манфаатлар тўқнашувига оид воқеалар ривожи билан Kun.uz'нинг ушбу бўлимида танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид