Ўзбекистон | 18:54 / 28.05.2021
8857
3 дақиқада ўқилади

Термизда чиқинди сувлар Амударёга оқизилаётгани аниқланди

Сурхондарё вилояти «Сувоқова» ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли «Чиқинди сувларни тозалаш иншооти» талаб даражасида ишламаяпти. Оқибатда, тозаланмагани чиқинди сувлар тез-тез Aмударёнинг Aфғонистон билан чегара соҳилидаги қамишзорга оқизиб юбориляпти. Мазкур ҳолат Сенат томонидан назоратга олинди.

Маълум қилинишича, Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида сенатор A. Соатов Сурхондарё вилояти «Сувоқова» ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли «Чиқинди сувларни тозалаш иншооти» талаб даражасида ишламаётганини маълум қилган. Шу сабабли чиқинди сувларнинг бир қисми Aмударёнинг Aфғонистон билан чегара соҳилидаги қамишзорга оқизиб юбориляпти. Оқибатда, қамишзорда турли хил зарарли пашша ва чивинлар кўпайиб, Термиз шаҳар аҳолиси «Пашшахўрда» ярасидан мунтазам азият чекмоқда.

Қайд этилишича, мазкур масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, сенатор A. Соатов билан биргаликда Сурхондарё вилояти «Сувоқова» ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли чиқинди сувларни тозалаш иншоотининг техник ва экологик ҳолати ўрганилган.

Аниқланишича, Термиз шаҳар оқова сув тозалаш иншоотининг самарадорлиги 50-55 фоизни ташкил этган. Синов лабораторияларининг сўнгги кимёвий таҳлилларига кўра, оқова сувдаги муаллақ моддалар белгиланган меъёрдан 1,5 баробар, азотли нитрит эса қарийб 2 баробар ортиқ меъёрда оқизилаётганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, чиқинди сувларни тозалаш иншоотининг ҳаво тозалаш жихозларини таъмирдан чиқариш, автоматика қисмларини техник кўрикдан ўтказиш ва узатиш насосларини қайта таъмирдан чиқариш каби бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Шунингдек, иншоотнинг ҳаво ҳайдаш ускунасига ўрнатилган 3 та двигател ишдан чиққани туфайли ускуна суткасига ўртача 5-8 соат ишлатилаётгани аниқланган.

Таъкидланишича, ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари ва мутахассислар билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Йил якунига қадар иншоотни босқичма-босқич таъмирлаш ва янги жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу дастурнинг бажарилиши Сенат томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид