Ўзбекистон | 11:41 / 29.05.2021
4470
4 дақиқада ўқилади

Сенат қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси доирасида сенаторлар «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқиб қабул қилди. Қонун билан қимматбаҳо тошлар ва металлар соҳасига бир қанча янгиликлар киритилмоқда.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги Фармони билан белгиланган вазифаларни ўз ичига олган.

Қонун Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Бу эса соҳада хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда ҳам муҳим омил бўлади. Қолаверса, ушбу ҳужжат заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиришга ҳам йўналтирилган.

Сенат раиси Танзила Норбоевага кўра, заргарликда ёпиқ ёки яширинча ишлайдиган ҳолатларга чек қўйиш бўйича самарали тизим ҳам йўлга қўйилмоқда.

«Узоқ йиллар давомида тармоқда қимматбаҳо металлар айланмасининг 90 фоиздан ортиғи хуфиёна тарзда амалга оширилган. Қонуннинг қабул қилиниши билан ушбу тармоқда тадбиркорлар олдида янада ҳалол ишлаш имкониятлари пайдо бўлади. Маҳсулот сифати ошади ва аҳолининг заргарлик буюмларига бўлган эҳтиёжи ишончли таъминланади», деди  Норбоева.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев қонуннинг қабул қилиниши аҳоли бандлигига ҳисса қўшишини таъкидлади.

«Жисмоний шахсларнинг олтин қазиб чиқариш билан боғлиқ фаолиятида кўпчилик жавобгарликка тортилди, ҳар хил нохуш ҳолатларга учраган ва ўлим билан тугаган ҳолатлар ҳам юз берди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда қонун билан бу фаолият тартибга солинмоқда, шунингдек қонун билан аҳоли бандлиги ҳам таъминланади. Миллий заргарлик фаолияти юқори қўшилган қийматга эга бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уни истеъмол бозорига олиб чиқиб сотишда тенг шароитларни яратади», деди Гадоев.

Шунингдек, қонун қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари, бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳаси аниқ белгиланиши тармоққа инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шароит яратади.

Хусусан, Қонунга биноан устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки 50 фоиздан кам давлат улуши бўлган тадбиркорлик субъектларига қимматбаҳо металлар ва тошларни сарфлаш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилмоқда.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш масалалари ҳам қонунда батафсил ўз ифодасини топган.

Қонунни ишлаб чиқишда Беларусь, Ҳиндистон, Канада, Қозоғистон, Молдова, Россия Федерацияси, Италия ва Туркия ҳамда Вена конвенциясини ратификация қилган 19 та давлатнинг илғор тажрибаси ўрганиб чиқилган.

Шунингдек Қонун хусусий секторнинг қимматбаҳо металлар айланмасида ўз фаолиятини очиқ, шаффоф олиб боришига имконият яратади.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарори қабул қилинган эди.

Сенат томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб, Қонунда ўз аксини топганини инобатга олган ҳолда Қонун ялпи мажлисга киритилгани қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид