Интизомий жазо олган судяларнинг шахси ошкор этилмаслигига изоҳ берилди
Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров 31 май кунги матбуот анжуманида, интизомий жазо олган ва лавозимидан озод этилган судялар шахси нега очиқланмаслиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Бир нарсани очиқ айтиш керак: Судялар олий кенгашидан бошқа бирорта орган ойма-ой неча нафар ходими вазифасидан озод этилгани ёки қанчаси интизомий жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот бермаса керак.
Гап судяларнинг шахсини ошкор қилишда эмас, уларга нисбатан ўз вақтида кўрилаётган чорада.
Қолаверса, битта судя бир ойда бир неча ўнлаб иш кўради, аҳоли зич жойда ишлаётган фуқаролик судялари (бир ойда) 100 ва ундан ортиқ иш кўради. Шундай шароитда унинг битта, иккита ё учта ишда процессуал хатога йўл қўйиши эҳтимоли бор. Агар уларнинг шахсини ошкор қиладиган бўлсак, бу ҳолат улар кўрган бошқа ишлар бўйича чиқарилган қарорлар устидан норози томонлар қўлида байроқ бўлади ва ушбу қарорлар устидан ҳам тинимсиз ёзилади. Бу ўз-ўзидан судяга нисбатан босим пайдо қилади.
Иккинчидан, Кенгаш судяларга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга розилик беради, жазо тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўлланилади. Биз розилик берилгани ҳақида ахборот беряпмиз, ҳали унга жазо қўллангани йўқ. Ҳали жазо қўлланмай туриб уларнинг шахсини очиқлаш на қонунга ва на мантиққа тўғри келади», – дейди Турсунали Акбаров.
Мавзуга доир: