Жаҳон | 01:40 / 31.05.2021
9053
2 дақиқада ўқилади

Мисрда «қора моғор» билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди

Фото: AP

Ҳиндистондан кейин Мисрда ҳам «қора моғор» – мукормикоз касаллигига чалиниш бўйича 7та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат шимолида жойлашган Заказик университети ректори Усмон Шаълён маълум қилди.

Ҳозирда замбуруғли касалликка чалинган беморлар айнан шу университет шифохонасида даволанишмоқда.

Шаълённинг таъкидлашича, «қора моғор»га чалиниш ҳолатлари Шарқия вилоятида касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш оқибатида иммунитети кучсизланган одамларда қайд қилинган. «3 нафар беморда моғор билан касалланган тана аъзоларини олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бир бемор ўта оғир аҳволда, қолганларнинг ҳолати барқарор», деб маълум қилган университет ректори.

«Қора моғор» споралари тупроқ, чанг ва органик чириш маҳсулотларида сақланади. Ушбу замбуруғ одам организмига аксарият ҳолатларда ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмалари орқали тушади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мукормикоз бошқа замбуруғлар каби узоқ вақт давомида гормонлар билан даволанган ва кислород таъминотига уланган COVID-беморларда аниқланмоқда. Касаллик, шунингдек, катта дозада стероидлар олган диабетикларда ҳам учрамоқда. Ушбу инфекция кўз, ўпка ва бурун-ҳалқумни шикастлайди.

Айни вақтда Ҳиндистонда ушбу касалликка чалинганлар сони 11 мингдан ошиб кетди.

Мавзуга оид