Ўзбекистон | 16:47 / 01.06.2021
13764
3 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди

Республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикада транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари юқорилиги, йўл инфратузилмасидаги жиддий муаммолар йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётгани, оқибатда кўплаб инсонларнинг тан жароҳат олиши, энг ачинарлиси, инсонларнинг бевақт вафот этаётгани ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

“Шу боис, республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади”, дейилади хабарда.

Гуруҳ таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилган.

“Гуруҳ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисалари барвақт олдини олишнинг бугунги кундаги ҳолати комплекс равишда ўрганилиб, илғор хорижий тажрибаси ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилади.

Алоҳида эътибор, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар – йўллар ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилади”, дейилади ИИВ маълумотида.

Таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилиб, кўриладиган комплекс чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка ахборот берилади ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар синчковлик билан ўрганиб чиқилади.

Маълумот учун, январь-апрель ойларида Ўзбекистонда жами 2242та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, авариялар натижасида 557 киши ҳалок бўлган, яна 1684 киши жароҳатланган.

Авариялар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида тезликни ошириш — 32,4 фоиз, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 16,2 фоиз, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 11,6 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 9,3 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 4 фоиз авария йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, яна 4,1 фоизи эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда. Шу билан бирга, 4 ой давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган.

Май ойида авариялар сони кескин ошди ва камида 5-6 киши ўлимига сабаб бўлган бир неча йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Мавзуга оид